Замонавий денгиз нефт-газ платформалари муҳандислик санъатининг энг йирик намуналаридан бири саналади. Бу мажмуалар бурғулаш ускуналари, хомашёни қайта ишлаш тизимлари, сақлаш резервуарлари ва юзлаб мутахассислар яшайдиган турар жой блокларини ўзида мужассам этади.

Очиқ денгиздаги қаттиқ шамоллар, баланд тўлқинлар ва экстремал иқлим шароитига қарамай, ушбу иншоотлар йиллар давомида узлуксиз ишлайди.

Hibernia — айсбергларга қарши қурилган гигант

Канаданинг Ньюфаундленд оролидан тахминан 315 километр шарқда жойлашган Hibernia платформаси тарихдаги энг оғир денгиз нефт платформаларидан бири ҳисобланади.

Платформанинг эксплуатация вақтидаги умумий оғирлиги 600 минг тоннадан ортиқ бўлиб, бетон конструкцияси, балласт ва сақланаётган суюқликлар билан бирга вазни 1 миллион тоннадан ошиб кетади.

Муҳандислар уни шундай лойиҳалаштирганки, Hibernia 1 миллион тонна оғирликдаги айсберг билан тўқнашувга ҳам бардош бера олади. Ҳатто 6 миллион тонна вазнга эга айсберг билан тўқнашганда ҳам иншоот таъмирлаш мумкин бўлган даражада зарар кўради.

Бугунги кунда Hibernia Канаданинг энг муҳим нефт қазиб олиш объектларидан бири бўлиб қолмоқда.

«Беркут» — Россиянинг субарктика гиганти

Россиянинг Сахалин ороли яқинида жойлашган «Беркут» платформаси дунёдаги энг йирик нефт-газ иншоотларидан бири ҳисобланади.

Унинг умумий оғирлиги 200 минг тоннадан ошади. Лойиҳа ExxonMobil, «Роснефть», Япония ва Ҳиндистон компаниялари иштирокида амалга оширилган бўлиб, қурилиш қиймати тахминан 12 миллиард долларга баҳоланади.

Платформа учун 52 минг куб метр бетон ва 27 минг тонна пўлат сарфланган.

«Беркут» минус 44 даража совуқда ва 18 метр баландликдаги тўлқинларда ҳам ишлай олади. Унинг узунлиги 105 метр, кенглиги 60 метр ва умумий баландлиги 144 метрни ташкил этади.