“Ҳолатни прокуратура текширмоқда” – ИИВ Янгиариқда ўз жонига қасд қилган ходим иши бўйича изоҳ берди
26 ноябрь куни юз берган суиқасдга оилавий можаро сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ўз жонига қасд қилган Янгиариқ тумани ИИБ ходими барча қурол билан ишлайдиган ходимлар сингари психолог томонидан суҳбатдан ўтказилган ва хизмат жараёнида у нормал ҳолатда бўлган. Бу ҳақда ИИВ Касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, полковник Умид Нуриллаев 1 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Чиндан ҳам Янгиариқ тумани ИИБда навбатчи ёрдамчиси томонидан ўзининг жонига қасд қилиш ҳолати кузатилди. Халқаро статистикага кўра, бутун дунё бўйича Япония ва Кореяда суицидал ҳаракатлар кўп кузатилади. Республикамизда йилига юзлаб суиқасдлар содир этилади.
Ички ишлар органларида ҳам бу [ходимларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари] бўйича статистика юритамиз, ҳолатларни чуқур ўрганамиз. Ички ишлар органларида ҳар йили икки-учта суиқасд содир бўлади. Шунча минг шахсий таркибга нисбатан бунга нормал ҳолат сифатида қараш мумкин.
Энди бу ходим хизмат билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда шундай вазиятга тушган. Яъни оиласи билан ажрашиб, стресс ҳолатига тушиб қолганидан сўнг... [жонига қасд қилган]. Ходимга собиқ хотини томонидан... ёки уни яна ҳам чуқур стрессга соладиган бошқа ҳолат бўлган бўлиши мумкин. Унга қўнғироқ бўлган бўлиши мумкин. Унга топширилган қуролдан фойдаланиб, хизмат тугагандан кейин ўзининг жонига қасд қилган.
Бизда ҳар бир қурол билан ишлайдиган ходим психолог томонидан суҳбатдан ўтказилади. [Ўз жонига қасд қилган ходим] хизмат жараёнида тўлиқ нормал ҳолатда бўлган. Лекин оилавий жанжал билан боғлиқ бўлган қандайдир воқеанинг унга таъсири натижасида ушбу ҳолат келиб чиққан. Ҳозир бу ҳолат бўйича прокуратура томонидан текширув олиб бориляпти. Унинг якуни бўйича тўлиқ расмий маълумот берилади”, дея Умид Нуриллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилояти Янгиариқ туман ИИБ ходими У.Р. 26 ноябрь куни туман ИИБ биносида хизмат қуроли орқали ўз жонига қасд қилган. Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ИИБ ходимининг ўз жонига қасд қилишига оилавий келишмовчилик (турмуш ўртоғининг 2 ой аввал фарзандларини олиб отасининг уйига кетиб қолгани) оқибатида келиб чиққан руҳий сиқилиш сабаб бўлган.
Daryo.uz нашри Бош прокуратура маълумотига таяниб, ходим “ПМ” пистолети билан ўзининг қорин ва бош қисмига отганини маълум қилди. Ходим Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Мавзуга оид
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
16:06 / 08.08.2024