Тошкентда уй-жой нархи энг қиммат туманлар маълум қилинди
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой нархларининг ўзгаришини таҳлил қилди.
Уларга кўра, ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозорида сотувлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга (7 814 тадан 8 408 тага) ошган. Ушбу давр мобайнида 1 кв метр нархи ўртача 27 фоизга ўсди: агар 2021 йилнинг ноябрида бу кўрсаткич 849 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг ноябрида бу кўрсаткич 1078 АҚШ долларига етди.
Тошкент шаҳрининг бешта туманида 1 кв метр уй-жой нархи шаҳардаги ўртача кўрсаткичдан (1078 доллар) сезиларли даражада юқори: Миробод туманида – 1285 доллар (+20 фоиз), Яккасаройда – 1178 доллар (+9 фоиз), Шайхонтоҳурда – 1144 доллар (+6 фоиз), Мирзо Улуғбекда - 1137 доллар (+6 фоиз) ва Юнусободда - 1117 доллар (+4 фоиз).
2022 йилнинг 9 ойида Тошкент шаҳрида ўртача иш ҳақи 5,9 миллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 32,5 фоизга ўсди. Ушбу даврда йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этгани ҳисобга олинса, реал иш ҳақининг ўсиши 20,3 фоизни ташкил этди. Бу даврда ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан курси 10 672,30 сўмдан 10 973,39 сўмга (ўсиш 2,8 фоиз) ўзгарди.
2022 йил ноябрь ойида таъмирланган 2 хонали квартиранинг ўртача нархи 55,7 минг долларни ташкил қилди (2021 йил ноябрида – 41,6 минг доллар). Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган талабнинг ортиб бораётганини яшаш учун нисбатан яхшиланган ижтимоий инфратузилма билан изоҳлаш мумкин.
«Туғилиш даражаси сезиларли даражада ошганини ҳам таъкидлаш керак. Яъни, 2010 йилда Тошкент шаҳрида бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 1,99 нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3,02 нафарга етди. Бу кўрсаткич оиланинг кенгроқ хонадонга кўчиб ўтиш истагини шакллантиришда ҳам муҳим бўлиши мумкин», - дейди мутахассислар.
2022 йил сентябр-октябр ойларида ПМТИ мутахассислари мамлакатда туғилиш кўрсаткичининг юқори бўлиши сабабларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи 25-45 ёшдаги 3 ва ундан ортиқ болали 200 нафар аёл иштирок этди. Сўров натижаларига кўра, фарзанд кўриш тўғрисида қарор қабул қилишнинг асосий сабаблари сифатида саломатлик ҳолати (43,8 фоиз) ва турмуш шароитининг яхшиланганлиги (47,9 фоиз) кўрсатилган.
Кўчмас мулк бозорида нархларнинг ўсиши шароитида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат дастурларини кенгайтириш бозорда фаолликни сақлаб қолишнинг асосий сабаби ҳисобланади. 2022 йилнинг 9 ойида банклар томонидан аҳолига 10,3 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди, бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 68 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаш компанияси (ЎзИҚМК) маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 4-чорагидан 2022 йил 3-чорагигача бўлган даврда берилган ипотека кредитларининг 73,1 фоизи Молия вазирлиги, 16,8 фоизи банкларнинг ўз маблағлари, 10,1 фоизи эса ЎзИҚМК ҳисобидан молиялаштирилган.
ПМТИ аввал чоп этилган шарҳида Тошкент шаҳрида уй-жой нархининг тез ошиб кетишини бозор жиҳатлари билан изоҳлаган. Яъни, талаб томонида, болалар сони, даромад ва миграция омилларидан ташқари, уй-жой нархи ўсиши аҳоли жамғармаларини инвестицияларга йўналтириш учун молиявий воситаларнинг чекланганлигини кўрсатади. Мамлакатда капитал бозорининг суст ривожланиши узоқ муддатли жамғармаларига эга аҳолини ўз маблағларини кўчмас мулкка сармоя киритишга йўналтиришга мажбур қилмоқда.
Шу билан бирга, бутун дунё бўйлаб уй-жой нархлари пасаймоқда. Бунинг сабаблари асосий яшаш нархининг, фоиз ставкаларининг ошиши, ишсизликнинг ўсиши ва бошқа омиллардир.
Мавзуга оид
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024