Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бахмут учун жанг: Россия нега бу қадар ўжарлик билан шаҳарни эгаллашга уринмоқда?
Донбасснинг марказий қисмидаги Бахмут шаҳри сўнгги ҳафталар давомида Украинадаги фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб қолмоқда. Ҳар куни бу ердан шиддатли жанглар кечаётгани ва икки томон ҳам йўқотишларга учраётгани ҳақида хабарлар келиб турибди, Россия қўшини Днепрнинг чап соҳилига чекинганидан кейин бошқа участкаларда нисбатан тинчлик ҳукм сураётгани фонида бу айниқса сезиларли бўлмоқда. Россия Бахмутни олиш учун нега бу қадар қаттиқ ҳаракат қилмоқда?
«Бахмутдан жанубда Россия қўшини Озаряновка ва Андреевкага ҳужум қилди. Шу тариқа, улар Украина қуролли кучларининг Курдюмовкадаги гарнизонини икки томондан ўраб олиб, бу ҳудуддаги темирйўл линиясини узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. «Вагнер» Клешчеевкага юриш қилмоқда. Бахмутдан жануби-шарқда шиддатли жанглар кетмоқда», дея ёзади россиялик ҳарбий мухбир Семён Пегов WarGonzo телеграм-каналида.
Россия қўшини Артемовскни (Бахмутнинг аввалги номи) қуршаб олиш арафасида экани ҳақида ҳафта бошида «ДХР» раҳбари Денис Пушилин ҳам айтганди.
Украинадаги манбалар ҳам Бахмут йўналишида шиддатли жанглар кетаётганини тасдиқлаган, аммо барча ҳужумлар бартараф этилаётгани айтилган.
«Бахмут атрофи душман жасадлари билан тўлиб бормоқда, босқинчилар штурм қилишга уринишда давом этмоқда, РФ раҳбарияти сафарбар қилинганлар ва маҳбусларни Украина қуролли кучлари позицияларига ҳайдаб келмоқда», дейилади Украинанинг UNIAN нашри хабарида.
Бахмут ҳудудида нималар бўлмоқда? Россия армияси бу шаҳарни эгаллаш учун нега бу қадар катта куч билан интилмоқда? Улар нега оғир йўқотишларга қарамай украинларнинг мустаҳкамланган позицияларига рўпарадан штурм қилиш тактикасидан воз кечмаяпти?
Бахмут атрофидаги вазият
Бахмут - Донбасс мезонлари бўйича Донецк области шимолидаги ўрта катталикдаги шаҳар бўлиб, муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. Шаҳардан Лисичанск ва Северодонецкка, Северск, Словянск, Краматорск, Константиновка, Ҳорливка ва Луҳанскка олиб борувчи йўллар ўтади. Бу шаҳар 2022 йил майида, украин қўшинлари Попаснаядан чекиниб, россияликлар Словянск ва Краматорскни нишонга олишганида фронт чизиғидаги шаҳарга айланганди.
Ўша пайтдан Бахмутни мунтазам равишда ўққа тутиш бошланди. Урушга қадар бу ерда яшаган 70 мингдан ортиқ кишининг асосий қисми эвакуация бўлди, шаҳарда асосан қариялар қолган. Шаҳарда ичимлик суви ва электр йўқ, кўплаб бинолар вайрон қилинган.
Июл ойи бошида Россия армияси Северодонецк ва Лисичанскни эгаллади, аммо Бахмут остонасида юриш тўхтатилди - бу ердаги мудофаа линияси шу қадар кучли бўлиб чиқдики, артиллерия борасида жиддий устунликка эга бўлган Россия армияси ҳеч нарса қила олмай қолди.
Ҳозирга келиб фронтдаги вазият ўзгарган - Изюмдаги гуруҳ (Россия қўмондонлиги режасига кўра бу гуруҳ Попасная томондан юриш қилган Россия қисмлари билан бирлашиши назарда тутилганди) Харкив областидан чекинди ва Сватово - Креминна бўйлаб янги мудофаа чизиғини ташкил этди, украинлар сентябр ойида Харкив шаҳридан шарқ ва жануби-шарқдаги ҳудудни тозалашди, эндиликда Словянск ва Краматорскка тўғридан тўғри таҳдид йўқ. Аммо россияликларнинг Бахмутга ҳужумлари тўхтамаяпти, аксинча сўнгги ҳафталарда ҳужумлар кучайган.
Россия манбалари РФ армиясининг Бахмут йўналишидаги муваффақиятлари ҳақида, хусусан шаҳардан жанубдаги бир қанча қишлоқлар эгаллангани ҳақида хабар қилишган. Айрим россиялик ҳарбий мухбирлар эса ҳатто фронт чизиғи қулаётгани ва украин гуруҳи тез орада қуршаб олинишини хабар қилишган.
Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) таҳлилчилари ҳисоблашича, Россия томони ўз муваффақиятларини бўрттириб кўрсатмоқда - Бахмут қуршаб олиниши муқаррарлигини кўрсатувчи аломатлар йўқ.
ISW мутахассислари ёзишича, ҳатто агар Россия қўшини Бахмутдан жанубдаги аҳоли пунктларини эгаллаб олган бўлса ҳам, бу ютуқлар украинларнинг қуруқлик орқали алоқасида аҳамиятга эга бўлган Северск ва Константиновкага таҳдид сола олмайди. Россия томони эгаллангани ҳақида айтаётган позициялар эса Бахмут ва унинг ғарби ҳамда шимолида жойлашган йўлдош-қишлоқлардаги мустаҳкамланган позицияларга олиб боради.
Аммо Украина мудофааси Бахмутдан жанубда бузиб ўтилишини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Украина қуролли кучлари бу ерга етарлича йирик миқдорда қўшимча кучлар жўнатмоқда.
Россия армияси нима учун бу қадар қунт билан Бахмутни эгаллашга интилмоқда?
Россия ҳарбий-сиёсий машинасининг турли қаватларида иштиёқ турлича бўлиши мумкин. Сиёсий раҳбарият ва пропаганда воситаларига ижобий ахборий картина керак. Россия қўшини анчадан буён Украина фронтида муваффақиятга эришмади, давомли мағлубиятлар олдинги чизиқда ҳам, фронт ортида ҳам умидсизлик ва ҳафсаласизлик келтириб чиқаради. Бахмутнинг олиниши эса урушни давом эттириш тарафдорларининг жанговар руҳини кўтариши мумкин.

Россия ҳарбий қўмондонлиги учун Бахмут стратегик аҳамиятга эга. Шаҳар эгаллаб олинса Креминнани қуршаб турган ҳамда Лисичанск ва Северодонецкка ҳужум қилишни режалаштираётган Украина бўлитнмаларининг ўнг қаноти таъминотига хавф юзага келади. Бундан ташқари, Бахмутнинг эгалланиши Россия қўшинига манёврлар қилиш учун янги майдонни очиб бериб, Украина томонини кучларни янги мудофаа линияси ташкил этиш учун йўналтиришга мажбур қилади - қишки шароитда эса бу осон вазифа эмас.
Россия қўмондонлиги фронтнинг ушбу участкасида ташаббусни сақлаб қолиш исташи ва Украина қуролли кучларига фронтнинг бошқа йўналишларига - Запорижжя области жануби ҳамда Луҳанск области шимолига жўнатиш учун бўшаган кучларга эга бўлишни истамаслиги ҳам бор.
Бахмут ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган офицерлар ва аскарлар учун шаҳарни эгаллаш истиқболи қандайдир оралиқ натижани англатади, бу улар учун жанглар тугашини билдирмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда пауза берилишини билдиради. Кимдир муваффақиятли амалиёт учун мансаби кўтарилиши ва фронт ортига қайтиб, қон, совуқ ва ахлоқсизликлардан узоқлашишга умид қилади. Кимдир гуруҳ қайта шакллантирилиши ва таътил учун ортга қайтишдан умид қилмоқда. Яна кимдир шартнома муддати якунланиши ёки тиббий сабабларга кўра захирага олиниши ҳақида ўйламоқда.
Буларнинг барига қўшимча равишда русларнинг Бахмутни эгаллаш истагида оддийгина сабаб ҳам бўлиши мумкин - ҳатто вайрон қилинган шаҳарда ҳам қишлаш окоплардагидан яхшироқдир.
Бахмут йўналишида ҳарбий ҳаракатлар табиати ўзгарадими?
Россиянинг 24 феврал куни Украинага бостириб киришидан олдин рақиблар 2014 йилги тўқнашувлардан буён шакллантириб келинган кучли истеҳкомларга ва Донбассдаги бутун туташув чизиғи бўйлаб ишончли таъминот тизимига эга эди. Икки томонда ҳам мудофаа анча яхши тайёрланган ва жанговар тажрибага эга бўлинмалар томонидан тутиб туриларди.
Россия армиясини украинларнинг яхши ҳимояланган истеҳкомларига рўпарадан ҳужум қилиб, кўплаб йўқотишларга учраётгани учун кўп танқид қилишади.
«РФнинг Бахмутни эгаллаш учун уринишлари шуни кўрсатадики, россиялик ҳарбийлар аввалги кампаниялардан ҳеч қандай сабоқ чиқармаган, аввал ҳам ўта муҳим бўлмаган мақсадлар учун катта йўқотишлар берилганди», дея ёзилади ISW ҳисоботида.
«Русларнинг Бахмутга рўпарадан бостириб келиши, менинг назаримда, буткул жиннилик. Кеча 25-30 нафар атрофидаги руслар Бахмут остонасида ҳалок бўлгани акс этган видео намоиш этилди. Улар Бахмутга кириш жойларида ўрнашиб олишса ҳам, таъминот масаласи муаммолигича қолади: улар окопларда қандайдир механизациялашган ёрдамсиз ётишади», деб ҳисоблайди Def Mon ҳарбий таҳлилчиси.
Аммо Россия қўшинининг Бахмут йўналишидаги ҳаракатларидаги ўзгаришлар барибир кузатиб борилади.
Жангларда қатнашаётган украиналик ҳарбийларнинг айтиб беришича, Бахмут остонасида россияликлар кичик гуруҳлар (масалан, 10 кишилик) билан тўхтовсиз ҳужумлар қилиш тактикасини қўлламоқда, шу билан бирга штурмчилар орасидаги йўқотишлар ҳажми юқорилиги Россия қўмондонлигини ташвишга солмаётгандек.
Худди шу вақтда россиялик ҳарбий мухбирлар хабар қилишича, Россия артиллерия экипажлари нишон белгиланишидан ўт очишгача бўлган вақтни сезиларли даражада қисқартиришган.
«Разведкада ишлаётган гуруҳлар нишонларнинг координаталарини тўғридан тўғри батареяга юборади. Ва артиллерия икки дақиқа ичида нишонга зарба беради. Бунда корректировка (нишонни тўғрилаш) онлайн режимда бажарилади. Яъни, ҳисоботлардаги оралиқ босқичлар шунчаки олиб ташланган. Албатта, аввалбошдан шундай бўлиши керак эди», дея ёзади ҳарбий мухбир Александр Коц.
Россия армияси ҳамон артиллерия стволлари сони бўйича сезиларли устунликка эга бўлиб қолмоқда. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович Бахмут атрофида артиллерия бўйича фарқ Россия армияси фойдасига 9 га 1 нисбатда эканини айтган. Шу вақтгача Украина қуролли кучлари ўқ отиш ва нишонни белгилаш аниқлиги эвазига бу устунликни камайтиришга муваффақ бўлди - бу кўп жиҳатдан кўп миқдорда учувчисиз учиш аппаратлари разведка учун самарали қўллангани туфайлидир.
Россия армиясида урушнинг бошидан бери дронлар билан боғлиқ муаммолар бор эди. Аммо Бахмут атрофида Пригожиннинг «Вагнер» хусусий ҳарбий кампанияси фаол ҳаракат қилмоқда, унинг таркиби Россия колонияларидаги маҳбуслар билан тўлдирилган. Бундай ёмон таҳсил кўрган аскарлар катта эҳтимол билан Украина қуролли кучларининг ўқ отиш жойларини фош этиш учун аёвсиз қурбон қилинади - шундан кейин бу нуқталар артиллериядан ўққа тутилади.
Агар чиндан шундай бўлса, Украина армияси тактикани ўзгартириши керак бўлади.
Мавзуга оид
09:00
Россиянинг оммавий ҳужуми: Киевда 4, Харкивда 5 киши ҳалок бўлди
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026