Украина бўйлаб янги ракета зарбалари: ракеталардан бири Молдовага тушган
Душанба куни кундузи Россия армияси Украина бўйлаб навбатдаги ёппасига ракета зарбаларини йўллади. Украина бош вазири Денис Шмигал ракеталар уч областда инфратузилма объектларига шикаст етказгани, аммо мамлакат энергетика тизими бузилмаганини маълум қилган. Бу вақтда Молдова ички ишлар вазирлиги Украина билан чегара яқинидаги Бричани шаҳри атрофида ракета парчалари топилганини хабар қилди.
Шмигал зарбалар оқибатида Киев, Винница ва Одесса областларида энергетика объектлари зарар кўрганини маълум қилди. «Айрим ҳудудларда тизимда мувозанат сақлаш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун фавқулодда ўчиришлар амалга оширишга тўғри келди. Қутқарувчилар барча уйларга ток қайтиши учун ҳужум оқибатларини бартараф этишга киришган», дея ёзди бош вазир телеграм-каналида.
Шунингдек турар жойлар шикастлангани, қурбонлар ва ярадорлар борлиги ҳақида хабарлар берилган. Кўплаб ҳудудлар ток ва иссиқлик таъминотидан узилган.
Украина президенти Володимир Зеленский россияликлар томонидан учирилган ракеталарнинг катта қисми ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилганини айтди. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига миннатдорчилик билдирмоқчиман - ракеталарнинг аксари уриб туширилди. Энергетиклар токни қайтаришни бошлаб юборишди. Бизнинг халқ ҳеч қачон таслим бўлмайди!» - деди Зеленский қисқа видеомурожаатида.
Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги душанба куни россияликлар 70 та ракета учиргани, шундан 60 дан ортиғи уриб туширилганини маълум қилди. Маълум қилинишича, Х-101 ва Х-555 русумли 38 та қанотли ракета Каспий денгизи ва Волгодонск ҳудудидан туриб саккизта самолётдан учирилган, «Калибр» русумли 22 та қанотли ракета - Қора денгиз флоти кемаларидан, яна Х-22, Х-59 ва Х-31П русумли 10 та қанотли ракета - Қора денгиз ҳудудидаги самолётлардан учирилган.
Молдова ҳукумати маълумотига кўра, россияликлар зарбалари ортидан Украина билан чегарадош Черновицкий областининг Бричен шаҳри яқинидаги мевазор боғ ҳудудидан ракета парчалари топилган.
«Молдованинг Бричен шаҳри яқинидаги боғ ҳудудидан ракета парчаси топилган. Портловчи предмет россияликларнинг бугунги зарбалари туфайли огоҳликни оширган чегара полицияси патрули томонидан аниқланди», дейилади Молдова ИИВ хабарида. Ҳудуд ўраб олинган, воқеа жойига махсус хизматлар йўл олган.
Октябр ойи охирида ҳам Молдованинг чегара ҳудудига Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган Россия ракетаси парчалари тушганди. Ўшанда Кишинёв россиялик дипломат чиқариб юборилганини эълон қилган, бунга жавобан Россия ҳам молдовалик дипломатни чиқариб юборганди.
Moldelectrica энергетика компанияси хабарига кўра, бугунги зарбалар яна Украина билан қўшни бўлган Молдовада узилишларга олиб келган.
Украинанинг турли ҳудудларида шикастланишлар ва қурбонлар
«Инфоксводоканал» хабарига кўра, ракета зарбалари оқибатида Одессада барча насос станциялари ва захира линиялари ўчирилган, айни вақтда шаҳар сув таъминотидан узилган. Шаҳарнинг айрим районларида электр транспорти фаолияти тўхтаган: трамвай ва троллейбуслар ҳаракатланмаяпти. «Теплоснабжение города Одессы» корхонаси шаҳардаги барча иситиш қозонлари ишламай қолганини маълум қилган.
Аввалроқ Украина президенти офиси Одесса областида россияликлар ракеталари иккита инфратузилма объектига зарар етказганини хабар қилганди.
Запорижжя областида россияликлар ракеталари Новософиевка қишлоғида бир неча уйларни вайрон қилган. Икки киши ҳалок бўлган. «Тинч аҳолининг хусусий уйлари шикастланган. Дастлабки маълумотларга кўра, икки қурбон ва уч ярадор бор (улардан бири 2021 йилда туғилган чақалоқ)», - дея хабар қилган Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старух.
Ҳаво тревогаси эълон қилингач, Киев аҳолиси ерости бошпаналарига чопган, жумладан Киев метрополитенига. Киев ҳарбий маъмурияти хабар қилишича, пойтахт ҳаво кенглигида 10 та ракета қайд этилган.
«Укрэнерго» компанияси энергетика инфратузилма объектларига зарба келиб тушганини маълум қилиб, электр энергиясидан фавқулодда ўчиришлар шу билан боғлиқ эканини маълум қилди. «Укрэнерго» диспетчерлари энергия тизимини тиклаш устида иш олиб бораётгани маълум қилиниб, аҳолидан бошпаналарида қолиш сўралган.
Стратегик авиация
Кун аввалида Украинанинг кўплаб ҳудудларида ҳаво тревогалари эълон қилинган, маҳаллий расмийлар ракета зарбалари хавфи ҳақида огоҳлантирганди. Украина армияси вакиллари маълумотига кўра, РФ армияси ҳавога Ту-95 стратегик бомбардимончи самолётларини кўтарган, шунингдек Қора денгиздан «Калибр» ракеталари учирилгани ҳақида ҳам маълумот бор. Украинанинг шарқий ва марказий регионларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳаракатга келган, портлашлар ҳақида хабарлар берилган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат телевидение эфирида ракеталар Каспий денгизи ва Волгодонск ҳудудидан стратегик авиациядан, шунингдек Қора денгиз флоти кемаларидан учирилганини маълум қилган.
«Бугунги кунда хотиржамликни сақлаш керак, ўзингизни эҳтиёт қилинг ва бомбапаналарга боринг. У ерда машғулот кетмаяпти, ракеталар учирилган. РФ 10 октябр куни бошлаган ишини давом эттирмоқда - муҳим инфратузилма объектларига зарбалар бермоқда», дея Игнатнинг сўзларини келтиради «Интерфакс Украина» агентлиги.
«Тревогани эътиборсиз қолдирманг, биз жавоб берамиз», деган Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларидан яхшироқ ишлашни сўраган.
Миколайив области маъмурияти раҳбари Виталий Ким телеграм-каналида Россияда ракета ташувчи 14 дона Ту-95 бомбардимончилари ҳавога кўтарилганини хабар қилган. «14 та Ту-95 аллақачон ҳавода, тушунишимча, бу режалаштирилганидан 6-8 тага камроқ, кўрамиз, хотиржамликни сақлаймиз», дея ёзган Ким.
Душанба тонгида ОАВда Россиянинг иккита ҳарбий аэродромида портлашлар рўй бергани хабар қилинганди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 6 да Саратов областидаги «Энгельс-2» аэродромининг учиш-қўниш йўлагига дрон келиб урилган. Натижада иккита Ту-95 бомбардимончиси шикастлангани, икки ҳарбий хизматчи яралангани хабар қилинди.
Шунингдек, Рязан яқинидаги Дягилево авиабазасида портлашлар бўлган.
Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги фронт чизиғидан юзлаб километр масофада жойлашган икки ҳарбий аэродромдаги портлашларни тасдиқлади ва бу украинларнинг дронлари ҳужуми оқибати эканини маълум қилди. Дягилево аэродромида уч нафар ҳарбий ҳалок бўлиб, тўрт нафари яралангани, Энгелс аэродромида эса «икки самолёт корпуси шикастлангани» маълум қилинди.
Россия Украина бўйлаб сўнгги бор 23 ноябр куни ёппасига ракета зарбалари йўллаганди. Ўшанда кўплаб энергетика инфратузилма объектлари нишонга олингани туфайли мамлакат тарихидаги илк блэкаут рўй берганди. Авария режимида Украина атом электр станцияларида барча блоклар ўчирилганди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024