Ўзбекистон | 12:01 / 06.12.2022
8252
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда АИ-80 русумли автобензин нархи ошмаган ҳамда истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш таъминланмоқда

Сўнгги кунларда Республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши ортидан автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги навбатлар кузатилаётгани, шунингдек АИ-80 русумли автобензинга талаб ошгани сабаб, унинг етишмовчилиги юзага келаётгани танқидий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз тасарруфидаги “UNG Petro” АЁҚШларида айни вақтда бензин нархлари оширилмагани ҳамда тақчиллик кузатилмаётганини расман маълум қилади. Жумладан, бугунги кунда Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъул ходимларидан иборат “Ишчи гуруҳ”лар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан истеъмолчиларга узлуксиз сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш, нархларнинг сунъий оширилиши ҳамда етишмовчилик ҳолатларини юзага келмаслиги борасидаги ишлар ташкил қилинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан автобензин тақчиллигини олдини олиш ва унинг нархларини барқарорлаштириш борасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “Товар хомашё биржаси” АЖ ҳамкорлигида барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, биржа савдолари орқали кичик лотларда автобензин сотиш ва нефт базалар, Бухоро заводига қарашли янги қуриб ишга туширилган қўйиш-тўкиш эстакадаси орқали АЁҚШларга етказиб бериш йўлга қўйилди.

Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг ноябрь ойида биржа савдоларига “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК билан биргаликда ўртача кунлик 3300 тоннадан АИ-80 автобензини савдога чиқарилган бўлса, истеъмолчилар талабларидан келиб чиққан ҳолда кунлик 4540 тоннагача оширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “UNG Petro” АЁҚШларида бугунги кунда АИ-80 маркали автобензиннинг чакана нархи 1 литри учун 6 800 сўмни ташкил қилади ва автобензин сифати тўлиқ кафолатланганини расман маълум қиламиз.

Автобензин тақчиллигини олдини олиш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 35,7 минг тонна автобензин ҳамда етарли миқдорда хомашё захираси яратилган бўлиб, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 142,2 минг тонна хом ашё қайта ишланиб, 83,7 минг тонна автобензин ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатилаётган хизмат сифатидан норози бўлган ҳамда автобензин нархининг суъний оширилишига гувоҳ бўлган истеъмолчилар (71) 200-01-24 телефон рақами орқали 24 соат давомида мурожаат қолдиришлари мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати 

Мавзуга оид