Ўзбекистон | 23:33 / 06.12.2022
11282
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонни Покистон билан боғловчи Трансафғон темир йўли қурилиши нархи ошди 

Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган Трансафғон темирйўли қурилиши дастлаб тахмин қилинганидан деярли икки баробар қимматга тушиши мумкин.  

Фото: samaaenglish.tv

Лойиҳанинг янги смета қиймати Покистон Сенатининг темир йўл инфратузилмаси қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

Темир йўл вазирлиги котиби Зафар Ранжа сўзларига кўра, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан Покистоннинг Пешовар шаҳригача қуриладиган Трансафғон темир йўли нархи 8,2 миллиард долларга тушади. 

Ўзбекистон чегарасидан Афғонистон орқали Покистонгача бўлган темир йўл линиясини барпо этиш ташаббуси 2018 йилда илгари сурилган эди. Дастлаб 5 миллиард долларга баҳоланган лойиҳага хорижлик компаниялар, жумладан «Российские железные дороги» ҳам қизиқиш билдирди. 

Қурилиш ишларини 2021 йил кузида бошлаш режалаштирилган эди, бироқ Афғонистонда ҳокимият алмашиши бунга йўл қўймади. «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукумат эса музокаралардан сўнг лойиҳага қўшилди. Шу йилнинг январ ойида темир йўлнинг дастлабки йўналиши тасдиқланди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида товар-маҳсулотларни Марказий Осиё, МДҲ ва Европага етказиб бериш муддати сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда. Масалан, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 кун эмас, балки 3-5 кун давом этиши кутиляпти, бунда товарларни етказиб бериш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу йўналиш бўйлаб йилига 10 миллион тонна юк ташилиши мумкин.

Мавзуга оид