Янгиҳаёт туманида икки қаватли коттежга ўт кетди. Икки киши қурбон бўлди
Олов ўчирилгач, уйларнинг биридан икки кишининг жасади топилган. Ёнғин нимадан келиб чиққани ҳозирча маълум эмас.
Маълум бўлишича, 5 декабрь куни соат 20:03 да пойтахтнинг Янгиҳаёт тумани Йўлдош 6-даҳасида жойлашган 2 қаватли коттежларнинг бирида юзага келган ёнғин ярим соатдан сал кўпроқ вақт ичида ўчирилган.
“4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 20:06 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 20:33 да қуршаб олинган ва соат 20:40 да бартараф этилган. Ёнғин натижасида хонадоннинг тахминан 100 кв.м майдонда ички қисми ёниб зарарланган.
Ёнғинни бартараф этиш жараёнида хонадондан 2 нафар фуқароларнинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади ФВВ хабарида.
Қайд этилишича, ҳодиса жойига ФВБ, ИИБ, ССБ ва прокуратура ходимлари етиб борган. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Янгиҳаёт тумани ҳокимлигига кўра, ёнғинда ҳалок бўлганлар уйнинг 11-хонадонида яшашган. Ҳокимлик уйда яшовчи бошқа шахслар эвакуация қилиниб, вақтинча бошқа манзилга кўчирилганини маълум қилган.
“Йўлдош 6-даҳасидаги 25-уй 2-қаватдан, 2 та йўлак ва 12 та хонадондан иборат бўлиб, ушбу уйнинг умумий майдони 300 метр квадратни ташкил этади, ёнғин натижасида унинг 80 метр квадрат майдони ёнғиндан шикаст кўрган.
Ёнғин содир бўлган вақтда ушбу уйда истиқомат қилувчи 9 нафар фуқаро ўз вақтида эвакуация қилинган. Ёнғин оқибатида шикаст етказилган хонадон эгалари вақтинчалик Тошкент индекс савдо мажмуасидаги ётоқхонага жойлаштирилган”, дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарида.
Аввалроқ Тошкентда хусусий боғчада ёнғин содир бўлганди.
20 ноябрь куни Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳасидаги кўп қаватли уйда йирик ёнғин юзага келган, ўндан зиёд оила вақтинчалик бошқа манзилга кўчирилганди.