Жаҳон | 09:14 / 07.12.2022
7791
4 дақиқада ўқилади

Блинкен: АҚШ Россия ҳудудига зарба беришга ундамаган

Қўшма Штатлар Россия ҳудудига зарба беришни «рағбатлантирмаган» ва Украина томонига зарба бериш имкониятини тақдим этмаган. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. У ҳужумларни танқид қилмади.

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар Киевнинг Россия ҳудудига зарбаларини «рағбатлантирмаган» ва Украина томонига уларни амалга ошириш имкониятини бермаган. Бу ҳақда 6 декабрь, сешанба куни АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ҳужумни танқид қилмасдан маълум қилди.

У, шунингдек, Қўшма Штатлар «улар (Украина расмийлари) – дунёдаги бошқа кўплаб ҳамкорлар каби – ўзларини ҳимоя қилиш, ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш, эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ускуналарга эга бўлишига ишонч ҳосил қилиш» ниятида эканини таъкидлади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс кундалик брифингда шундай позицияни билдирди: «Биз Украинага ўз чегараларидан ташқарида зарба бериш имкониятини тақдим этмаяпмиз. Биз Украинани ўз чегараларидан ташқарида зарба беришга ундамаяпмиз». «Биз қилаётган ҳамма нарса, бутун дунё Украинани қўллаб-қувватлаш учун қиладиган ҳамма нарса Украина мустақиллиги, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади, - деди Прайс. - Биз Украинага ўз суверен ҳудудида, Украина заминида Россия тажовузкорларини даф қилиш учун фойдаланиши керак бўлган нарсаларни берамиз».

Вашингтон Россия томонидан аннексия қилинган Украина ҳудудларига уруш бошланишидан олдин ва кейин турлича ёндашяптими, деган саволга Нед Прайс шундай жавоб берди: «Бу - Украина ҳукуматига савол. Бу - АҚШ ҳукумати учун савол эмас».

Айни пайтда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Вашингтон Украинанинг узоқ масофали қуролларга эга бўлишининг олдини олиш учун «мутлақо ҳеч нарса» қилмаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Украина қўшинларини қаттиқ ёнилғида 300 кмгача масофага учадиган «ер-ер» синфидаги тактик баллистик ракеталар - ATACMS билан таъминлашдан бош тортмоқда.

5 декабрь куни Россиянинг Рязан вилоятидаги Дягилево ва Саратов вилоятидаги Энгелс аэродромларига учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ёрдамида ҳужум уюштирилди. Эртаси куни Курск губернатори Роман Старовойт Курск вилоятидаги аэродром яқинида учувчисиз учоқ зарба бергани, натижада «нефть омбори ёниб кетгани» ҳақида хабар берди. Расмий Киев содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

The New York Times газетасининг ёзишича, Рязан вилоятидаги Дягилево ва Саратов вилоятидаги Энгелс аэродромларига ҳужум қилган дронлар Украина ҳудудидан учирилган. Зарбаларнинг камида биттаси база яқинида жойлашган ва дронларни нишонга йўналтиришга ёрдам берган Украина махсус кучлари ёрдамида амалга оширилган, деб таъкидлади NYT манбаси.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, зарбалар совет иттифоқида ишлаб чиқарилган реактив дронлар томонидан амалга оширилган - гўёки Россия ҳарбий-рокосмик кучларининг узоқ масофали авиацияси самолётларини яроқсиз ҳолга келтириш мақсадида.

Волга федерал округидаги Энгелс аэродроми Ту-160 товушдан тез стратегик ракета ташувчи бомбардимончи самолётлар, шунингдек, Ту-95 турбовинтли стратегик ракета ташувчи бомбардимончилар учун база ҳисобланади. Ту-95МС Россия ядро триадасининг таркибий қисмидир. Украина томони фикрича, бу аэродромдан Украина инфратузилмасига зарба бериш учун самолётларни учириш мақсадида фойдаланилади.

Дягилево аэродроми Москвадан 200 километр узоқликда жойлашган. Объектлар Украина билан чегарадан тахминан 483-724 километр узоқликда ва Украина арсеналидаги ракеталар учиш масофасидан ташқарида, дея таъкидлади NYT.

Курск аэропорти шаҳар ичида, шаҳар марказидан 7 км шарқда жойлашган. Ундан Украина чегарасининг энг яқин нуқтасигача - тахминан 100 километр.

Мавзуга оид