Ишончли ҳаво ҳимояси. АҚШ Украинага NASAMS тизимларини тезроқ етказиб бермоқчи
АҚШ бир нечта NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини Украинага юбориш бўйича Яқин Шарқ мамлакатлари билан музокаралар олиб бормоқда. Дастлабки иккита шундай тизим ноябр ойи бошида Киевга етказиб берилганди. Пентагондагиларнинг айтишича, бу тизимлар Россия ракеталарини уриб туширишда 100 фоиз самарадорлик кўрсатган.
Вашингтон президент Володимир Зеленскийнинг Украина энергетика инфратузилмасини Россия зарбаларидан ҳимоя қилишда ёрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан Украинага жами саккизта NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини юборишга қарор қилди.
Етказиб берилган иккитага қўшимча равишда юборилувчи кейинги олтита ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳали тайёр эмас, улар энди ишлаб чиқарилиши керак. 1 декабр куни Пентагон бу борада ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқарувчи Raytheon Technologies компанияси билан 1,2 миллиард долларлик шартнома тузгани маълум бўлди.
Аммо Raytheon Technologies раҳбари Грег Ҳейснинг Politico нашрига айтишича, АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари ҳозирда NASAMS тизимларидан фойдаланаётган бир қанча Яқин Шарқ давлатлари билан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимларни Яқин Шарқ давлатларидан Украинага юбориш уларни АҚШда ишлаб чиқаришга қараганда анча камроқ вақт олади. Бунинг эвазига эса АҚШ Яқин Шарқ мамлакатларини икки йил ичида янги тизимлар билан таъминлайди.
Politico нашри маълумотларига кўра, Уммон ва Қатар Яқин Шарқ минтақасида NASAMS тизимларининг харидори ҳисобланади.
NASAMS қандай самарадорликка эга?
NASAMS кўчма зенит-ракета тизими бўлиб, паст ва ўрта баландликдаги ҳаво нишонларини йўқ қилиш учун мўлжалланган. У бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни кузатиш ва уриб тушириш қобилиятига эга. Шунингдек кўчирилаётган тизим 15 дақиқадаёқ жанговар ҳолатга ўта олиши ва уч дақиқада бунинг аксини қилиши билан бошқаларидан ажралиб туради. NASAMS аниқланган нишонга 10 сониядаёқ зарба беради.
Бундан ташқари, NASAMS ҳар қандай, ҳатто эскирган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига ҳам осонгина интеграциялашади. Украинада тизим билан ишлашга ўргатилган экипажлар аллақачон мавжуд.
Модификациясига қараб NASAMS ўрта ёки қисқа масофада ишлаши мумкин.
NASAMS зенит-ракета тизимининг асосий тактик бирлиги батареядир. Унинг таркибига кўп функцияли радар ва қўмондонлик пункти, ҳар бири олтита ракетали учта отувчи тизимга эга учта взвод киради. Бир батареянинг умумий ўқ-дори комплекси 54 та ракетани ташкил қилади.
Уларни қаерда қўллаш фойдали?
NASAMS ҳаво мудофаа тизимларининг уриб тушириш масофаси ва ишловчи ҳудуди уларда қўлланадиган ракета турига боғлиқ. Одатда AIM-120 AMRAAM ракетасидан фойдаланилади. Бу авиацион ракета бўлиб, самолётдан отилганда 120 километргача бўлган масофадаги нишонни уришга қодир. Бироқ, ердаги тизимдан отилганда унинг учиш масофаси кескин камаяди. Ердан учирилган ракетада самарали нишонга олиш 25 километргача бўлган масофадагина мумкин.
Шундай қилиб, битта ўт очувчи взвод тахминан 60-70 км радиусда самарали мудофаа ишларини амалга оширади.
NASAMS’нинг универсаллигига қарамай, уни Украинадаги тўқнашув чизиғининг периметри бўйлаб ишлатиш мақсадга мувофиқ эмас. Украинадаги фронтнинг жуда узунлиги (3 минг километрдан кўпроқ) ҳисобга олинса, бутун фронтни «ёпиш» учун ўнлаб бундай тизимлар керак бўлади. Тизимлар эса жуда қиммат.
Бундан ташқари, Россия–Украина фронти аллақачон, гарчи энг янги бўлмаса-да, лекин жуда самарали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминланган.
Фронтда уришаётган томонларга асосий зарарни ракеталар эмас, балки артиллерия қуроллари етказади ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари бу қуролларга қарши деярли фойдасиз.
Шаҳарлар ва муҳим объектларни ҳимоя қилиш учун NASAMS тизимларидан фойдаланиш эса анча самаралироқ усул. Масалан, икки батарея 18 та отувчи тизим билан Киев, Днепр ёки Одесса каби шаҳарларни Россиянинг қанотли ракеталари ва камикадзе дронларидан ишончли тарзда ҳимоя қилиш қобилиятига эга.
Албатта, NASAMS юқори тезликдаги баллистик ракеталарга қарши ёрдам бермайди, чунки у бу учун яратилмаган.
Саккизта — бу кўп ёки кам?
Украинага Пентагон томонидан ваъда қилинган саккизта зенит-ракета тизимининг бари етказилган тақдирда ҳам, бу барча йирик шаҳарлар ва инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш учун етарли бўлмаслиги аниқ.
Аммо Америка расмийларининг Киевга янги қурол тизимларини етказиб беришдаги ёндашувига эътибор қаратиш лозим. Дастлаб улар кичик партия юборишади ва қуролларнинг ҳақиқий жанговар шароитлардаги юқори самарадорлигига ишонч ҳосил қилишгач, янада кўпроқ партиялар етказиб беришни бошлайди. Бунга мисол сифатида HIMARS тизимларини келтириш мумкин.
Ҳарбий-саноат комплекси хавфларни ёқтирмайдиган анча инерциал тизимдир. Аммо агар унинг ғилдираги айлантириб юборилса, уни тўхтатиш қийин бўлади.
Тизимнинг самарадорлигида унинг алоҳида компонентлари билан қандай ишлаши ҳам муҳим аҳамият касб этади. NASAMS AIM-120 AMRAAM ракетаси ва, эҳтимол, бошқа, кучлироқ ракеталар (тизим жуда кўп ракеталар билан мослашади) билан ҳам жиҳозланиши мумкин.
Агар, дастлаб авиацион ракета сифатида ишлаб чиқилган AIM-120 AMRAAM юқори самарадорлик кўрсатса, Пентагон учун кейинги қадам Украинага ушбу ракеталар билан жиҳозланган жанговар самолётларни юбориш бўлиши ҳам мумкин. Уларни ишлаб чиқариш учун йиллар талаб қилинмайди.