Жаҳон | 23:46 / 07.12.2022
10363
2 дақиқада ўқилади

Россияга дронлар ва уларнинг двигателлари экспортига тақиқ қўйилмоқда 

Еврокомиссия раҳбари Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакети мазмунини ошкор қилди. 

Фото: AFP

Европа Комиссияси (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакети қандай кўринишда бўлишини маълум қилди. Унинг таркибига 200 га яқин жисмоний ва юридик шахслар киритилади. Янги чекловлар Россиянинг яна учта банкига жорий қилинади, экспорт назорати бўйича янги чоралар кўрилади. 

Янги санкциялар Россиянинг барча турдаги дрон ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш имкониятини чеклайди. 

«Биз дрон двигателларини Россияга тўғридан-тўғри экспорт қилишни ва Россияга учувчисиз самолётлар етказиб бериши мумкин бўлган Эрон каби ҳар қандай учинчи давлатларга уларни экспорт қилишни тақиқлашни таклиф қиламиз», — деди Урсула фон дер Ляйен. 

Фон дер Ляйен жисмоний шахсларнинг исмларини, банклар ва телеканалларнинг номларини келтирмади, фақат «Всероссийский банк развития регионов» номини тилга олди. 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг санкциялар рўйхатига «Россия қуролли кучлари, шунингдек, офицерлар ва мудофаа саноати компаниялари, Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши аъзолари, вазирлар, губернаторлар ва сиёсий партиялар ва бошқалар» киритилади. 

Россиянинг учта банкига қарши санкциялар улар билан операцияларни тўлиқ тақиқлашни назарда тутади. 

Шунингдек, янги экспорт назорати ва чекловлари, хусусан, асосий кимёвий моддалар, асаб-фалаж моддалари, электроника ва IT-компонентларга нисбатан янги чекловлар жорий этилиши кутилмоқда. 

Янги санкциялар пакети доирасида тўртта телеканал, шунингдек, давлат ташвиқотини тарқатадиган бошқа платформалар эфирдан олиб ташланади. 

Шу билан бирга, Россиянинг энергетика ва тоғ-кон саноатига қарши иқтисодий чоралар, жумладан, Россияда тоғ-кон саноатига янги сармоя киритишни тақиқлаш таклиф этилади. 

Мавзуга оид