Жаҳон | 10:48 / 07.12.2022
8822
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ёрдам пакетига вето қўйди

Будапешт Европа Иттифоқи молия вазирлари кенгашида Украинага 2023 йил учун макромолиявий ёрдамни блоклади. Германия Молия вазирлиги раҳбари буни оппортунизм деб атади.

Кристиан Линднер / Фото: John MacDougall/AFP via Getty Images

Венгрия 7 декабрь, сешанба куни Европа Иттифоқининг Украинага 2023 йилга мўлжалланган 18 миллиард евро миқдоридаги ёрдам пакетини блоклади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи мамлакатлари молия вазирлари кенгашининг Брюсселдаги йиғилишидан сўнг Германия Молия вазирлиги раҳбари Кристиан Линднер маълум қилди.

«Афсуски, бугун биз Украина учун зарур бўлган молиявий ёрдам бўйича қарор қабул қила олмадик, у билан молиявий жиҳатдан бирдамлигимизни билдира олмаймиз. Бунинг учун Венгрия жавобгар», - деди у.

Энди Европа Иттифоқи кенгаши олдида Украинага ёрдам бериш учун зарур маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишда имкон қадар тезроқ келишувга эришиш вазифаси турибди, бу борада 26 аъзо давлат Европа Комиссияси билан келишиб олган, деди Линднер.

Венгрия бўйича ЕИ давлатлари Еврокомиссиядан ушбу мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга қонун устуворлиги нуқтайи назаридан баҳо беришни сўради. «Қонун устуворлиги ва умумий Европа қадриятларимиз масаласи ЕИнинг ички ва ташқи нуфузи учун катта аҳамиятга эга. Опортунизм туфайли чегирмалар бўлмаслиги керак», - дея таъкидлади Германия молия вазири.

Будапешт Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи молия вазирларининг йиғилишида Украинани молиявий қўллаб-қувватлашга қарши чиқиш бўйича таҳдидини амалга оширди. Бу Венгрия томонидан вето қилинган ЕИнинг бир қанча ташаббусларидан биридир, чунки ушбу давлатга коррупция ва суд ҳокимияти мустақиллигининг етарли даражада таъминланмагани сабабли 13 миллиард евро миқдоридаги ЕИ маблағлари ажратилиши музлатиб қўйилиши кутилмоқда.

ЕИ давлатлари 19 декабргача Еврокомиссиянинг Украинага 18 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаши, рад этиши ёки мазмунини ўзгартириши керак.

Мавзуга оид