Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Брюссел Россияни уруш учун товон тўлашга мажбурламоқчи. Бу қандай амалга ошади?
Россиядан 300 миллиард евро музлатилган давлат активлари ва олигархлар активларини қонуний равишда мусодара қилиш мумкинми? Бу қийин, аммо амалга ошиши мумкин, дейди мутахассислар. Баъзилар ҳатто қонунларни ўзгартиришни таклиф қилмоқда.
Украинани қайта тиклаш учун 350 миллиард доллар керак бўлади, деб прогноз қиляпти Жаҳон банки. Шу билан бирга, ЕИ ва G7 мамлакатларида Россия Марказий банкининг 300 миллиард евролик ва россиялик олигархларнинг 19 миллиард евролик активлари музлатиб қўйилди. Бир миқдордаги маблағлар бошқасини қоплаши мумкинми?
Ҳаммаси жуда мураккаб, чунки бу маблағларнинг асосий улуши Россия Марказий банкининг активлари ҳисобланади. Улар давлатга тегишли, яъни халқаро суверен иммунитетга эга. Украинага етказилган зарар учун Россияни қандай қилиб товон тўлашга мажбурлаш мумкин? 7 декабрь, чоршанба куни ҳуқуқшунослик соҳасидаги сиёсатчилар ва экспертлар Брюсселда муҳокама ўтказиш учун йиғилишди.
Ушбу маблағларни мусодара қилиш Россияни тажовузкор давлат сифатида халқаро жиноий таъқиб қилиш шарти билан амалга оширилиши мумкин, деб ҳисоблайди муҳокама иштирокчиларининг кўпчилиги. «Биз судда босқинчилик жинояти содир этилганлигини исботлай оламиз, зарарни исботлай оламиз ва энг муҳими, бу пул бизнинг қўлимизда», дейди инвестор ва «Магнитский акти»нинг лоббичиси Билл Браудер. У Европа Иттифоқини Парето тамойилига кўра ҳаракат қилишга чақирди, унга кўра саъй-ҳаракатларнинг 20 фоизи натижанинг 80 фоизини беради ва диққатни Россия давлат активларига қаратади.
Ҳа, бу активлар халқаро қонунлар билан ҳимояланган, аммо қонунлар ўзгариши мумкин, дейди Браудер. Эҳтимол, иммунитет тўғрисидаги қонун энди босқинчилик жиноятини содир этган давлатга нисбатан қўлланмаслиги керак ва бунга эришса бўлади. У «Магнитский акти»ни мисол қилиб келтирди: «13 йил олдин буни тасаввур қилиб бўлмас эди, аммо бугун қонун 35 давлатда ишлайди. Бунинг учун фақат сиёсий ирода талаб қилинади». У эса, сиёсий фаолнинг сўзларига кўра, Владимир Путиннинг янги ҳаракатлари сони ва кўламига тўғридан тўғри мутаносиб равишда пайдо бўлади.
Қўшма Штатлар ва Канадада қонун терроризм ҳомийси сифатида тан олинган давлатларнинг музлатилган активларидан иммунитетни олиб ташлашга рухсат беради. Европарламент аъзоси Андрюс Кубилюс бунга Европарламентнинг Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияси асосида ёки Украинага қарши босқинчилик жиноятини содир этган деган қарор келадиган махсус халқаро трибунал натижасида эришиш мумкин, деб ҳисоблайди. «Бу жиноят давлат томонидан содир этилди, демак, давлат мулкини мусодара қилиш учун ҳуқуқий майдон яратилиши керак», деб маълум қилди у.
Бундай вазиятда муваффақият калити ҳуқуқий норма сифатида тан олинган умумий амалиётга асосланган халқаро одатий ҳуқуқдан истисно яратишдир, дейди немис ҳуқуқшуноси Паула Райн-Фишер. Бундай тор истисно тажовузни тақиқлаш ва Россия давлат активлари ҳамда юқори лавозимли ҳукумат амалдорлари маблағларидан суверен иммунитетни олиб ташлаш, ҳатто бундай тажовуз такрорланишининг олдини олишга имкон беради, масалан, Хитой ва Тайван мисолида. Қандай қилиб? Россиянинг Европа Иттифоқи ва G7’даги активлари мусодара қилиниши прецедент бўлиши ва бу мамлакатларда улкан активларга эга бўлган Хитойни тўхтатиши мумкин.
Умумий таклифни шакллантириш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва уни қайта-қайта такрорлаш керак, деб таъкидлайди Билл Браудер. Бундан ташқари, «Ғарб аллақачон Украинага пул тўлашдан чарчади», деди у ва Украинага ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилмоқчи бўлган америкалик ва венгриялик сиёсатчиларининг баёнотларини мисол тариқасида келтирди. «Маънавий ва молиявий нуқтайи назардан, Россия товон пули тўлаши мутлақо адолатли», деб таъкидлади инвестор.
Ҳозирча музлатилган Россия активларининг ҳеч бири мусодара қилинмаган, деди Еврокомиссия вакили ва уларнинг қанчаси мусодара қилиниши мумкинлиги маълум эмаслигини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Украина расмийларига кўра, мамлакатда бюджет тақчиллиги 40 миллиард долларга етган ва Украинага ҳозир пул керак. Йиғилишдаги таклифлардан бири номаълум бойликларни мусодара қилиш тартиби ва унинг эгасига нисбатан суд ҳукмидан қатъи назар – мулкнинг жиноий келиб чиқишини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлса, ҳатто сиртдан суд жараёнларида ҳам мулкни мусодара қилиш бўлди. Аммо бундай ҳуқуқий тамойиллар фақат олигархларнинг мол-мулкига нисбатан қўлланиши мумкин.
Россия Марказий банкининг активлари бўйича, Европа Комиссияси нуқтайи назарига кўра, улар фақат инвестиция фондига ўтказилиши, фаол равишда инвестиция қилиниши ва олинган фойда Украинага қайта тикланиши учун ўтказилиши мумкин. 300 миллиард евронинг ўзи, қонунга кўра, Россия давлатига тегишли, шунинг учун улар инфляцияни ҳисобга олган ҳолда фоизлар билан қайтарилиши керак.
Брюсселда бўлиб ўтган давра суҳбатида бу маблағларни қайтариш шартлари ҳам муҳокама қилинди. Европа Комиссияси Россия бу маблағларни қайтариб олиш учун нима қилиши кераклиги ҳақида ҳали аниқ тасаввурга эга эмас. Таклиф этилаётган вариантлар орасида улардан Москвани Киев билан тинчлик шартномасини имзолаш учун музокара столига ўтказиш учун восита сифатида фойдаланиш ёки Украинага товон тўлаш воситаси сифатида фойдаланиш бор.
Киев ўз таклифини илгари сурди: Европа Иттифоқи ҳуқуқий механизмлар билан шуғулланар экан, Украинада Россия томонидан етказилган зарарлар реестрини, даъволар бўйича комиссияни тузиш ва далиллар асосида зарар миқдорни аниқлаш зарур. «Биз Россия етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш ниятида эмаслигидан келиб чиқяпмиз, аммо вақт ўтиши билан вазият ўзгариши мумкин, - деди Украина президенти девонининг маслаҳатчиси Маркиян Ключковский. - Нима бўлган тақдирда ҳам, Россияда муқобил вариант йўқ, у товон тўлашга мажбур бўлади, Украина эса адолат қарор топмагунча тўхтамайди».
Молдова Коррупцияга қарши прокуратураси раҳбари Вероника Драгалин Россия томонидан Украинада содир этилган жиноятларни тергов қилиш билан шуғулланувчи прокурорлардан иборат тезкор гуруҳ тузишни таклиф қилди. У илгари Калифорния марказий округида Коррупцияга қарши кураш департаменти бўйича АҚШ прокурори ёрдамчиси бўлиб ишлаган ва 2021 йил 6 январда АҚШ Конгресси биносига бостириб киришни тергов қилиш учун тузилган шунга ўхшаш ишчи гуруҳини мисол қилиб келтирган. Прокурорлар гуруҳи воқеа билан боғлиқ юзлаб ишларни кўриб чиқди, худди Россиянинг Украинадаги жиноятлари сони ва кўлами кўплаб мутахассислар ишини талаб қилиши каби, дея таъкидлади юрист.
Кейинги қадамлар ҳуқуқий имкониятлар ва яширин зоналарни чуқур ўрганиш, далиллар тўплаш ва кучли сиёсий ташаббус бўлиши керак, деган хулосага келди давра суҳбати иштирокчилари. Улар Россия Украинадаги жиноятлари учун қонун олдида жавоб бериши ҳамда адолат ва халқаро тартиб ўрнатилиши, дунёда тажовуз такрорланишининг олдини олиш учун товон тўлаши кераклигига ишончи комил.
Мавзуга оид
20:13
Россияда ёқилғи инқирози жиддийлашмоқда
09:55
Путин: Ёнилғи танқислиги Украинадаги урушга таъсир қилмайди
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
20:55 / 23.06.2026