Жамият | 20:18 / 09.12.2022
13057
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Аҳоли истеъмоли учун берилаётган табиий газ ҳажми оширилиши сабаб “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариш камайтирилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” куз-қиш мавсумида олиб борилаётган ишлар ва синтетик ёқилғи маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш учун берилаётган газ ҳажми камайтирилиши бўйича ташкиллаштирилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида “Uzbekistan GTL” заводида бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

2022-2023 куз-қиш мавсуми давомида республикада аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ истеъмоли ошиши ҳисобига, GTL заводига берилаётган газ ҳажми 50% га камайтирилгани сабабли қурилмаларнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажми камайтирилиши аҳолининг синтетик дизель маҳсулотларига бўлган талаб ҳамда эҳтиёжларига салбий таъсир қилмаслиги юзасидан зарурий топшириқлар берилди. 

Қўшимча равишда, “Uzbekistan GTL” заводида буғ генераторлари орқали электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва завод автомоном электр энергия таъминотида эксплуатация қилинишини инобатга олиб, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланишидан ортиб қоладиган электр энергияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тизимига узатиш кўрсаткичларини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Ташриф мобайнида, “Uzbekistan GTL” заводнинг асосий ишлаб чиқариш қурилмаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда қурилмаларнинг бугунги ҳолати, ишлаб чиқариш ҳажми камайтирилиши жараёнларида амалга оширилиши кўзда тутилган ишларнинг жорий ҳолати ўрганилди.

Қурилмаларда эксплуатация даврини узайтириш учун ўрганишлар олиб бориш ва қурилмаларда фаолият юратаётган ходимларни доимий равишда билим ва малакаларини ошириб боришга қаратилган кўрсатмалар берилди.

Бошқарув раиси томонидан “Uzbekistan GTL” заводида бугунги кунга қадар умумий ҳисобда 200 минг тоннадан ортиқ синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилганини ва узлуксиз равишда Ўзбекистон Республикаси товархом ашё биржаси савдоси платформаси орқали реализация қилинаётгани ва истеъмолчиларга етказиб берилаётганини алоҳида эътироф этди.

Ташриф якунида “Uzbekistan GTL” заводининг ишчилар шаҳарчасида компаниянинг ходимларининг яшаш, меҳнат фаолиятлари ва дам олиш учун яратиб берилган шароитлари билан танишиб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, заводда йилига қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид