09:05 / 10.12.2022
53574

Бу йилги қиш серёғин келармиш. Ўзи қор бизга қанчалик зарур?

Декабр келиши билан республиканинг аксар ҳудудларида қор ёғиб, совуқ ҳаво забтига оляпти. Изғиринли кунларда шаҳар инфратузилмасидаги муаммолар, газ-свет таъминотидаги қийинчиликлари баттар бўртиб кўриниб қолди. Бироқ қор қанчалик ноқулайликлар келиб чиқармасин, унинг кўп ёғиши аслида кони фойда.

Бу қиш совуқроқ бўладими?

Ўзгидромет ой бошида декабрда қандай об-ҳаво прогноз қилинаётгани ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, декабр совуқ об-ҳаво билан бошланиши керак эди ва шундай бўляпти.

«Декабрь ойи иккинчи ва учинчи ўн кунликларида меъёрий қийматларга яқин бўлган фонда ҳаво ҳарорати кечалари +2...+7 даража илиқдан –2...–7 даража совуққача, кундуз кунлари +10...+15 даража илиқдан –2 даража совуқ +3 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда», дейилади прогнозда.

Ўзгидромет матбуот котиби Муниса Асилхўжаеванинг Kun.uz’га маълум қилишича, ой бошида қилинган прогноз ҳозиргача ўзини оқлаб келяпти. Кейинги ойлар прогнози ҳам ой бошланишига қараб тайёр бўлади ва эълон қилинади.

Ўтган йили энг иссиқ қиш бўлганди

Ўтган йилги қишда эса ҳаво анча илиқ бўлган. Ўзгидромет ўтган йили ой бошида берган прогнозда «Қишнинг биринчи кунлари мамлакатимиз аҳолисини аномал илиқ об-ҳаво билан қутлайди, 1-2 декабрда хорижий жанубий ҳудудлардан илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, ҳарорат кечалари +6...+9 даража илиққача, кундуз кунлари +17...+22 даража илиққача кўтарилади, бу декабр ойи боши учун бўлган меъёрдан +8...+11 даражага юқоридир», деб маълумот берилган.

Дарҳақиқат, 2021 йилги декабр Ўзбекистоннинг 20 йиллик тарихида энг илиқ йил сифатида қайд этилган.

Бу йилни олдингиси билан солиштирганда эса қиш анча кескин совуқ билан бошланди. Ўзгидромет томонидан куз ойларида қиш учун тахминий прогноз ҳам эълон қилинганди. Унга кўра, 2022/2023- йилларнинг қиш мавсуми учун тузилган дастлабки ҳисобларига кўра, қиш мавсуми ўртача кўп йиллик қийматлари атрофида ва ундан бироз кўп ва ёғингарчилик тақчиллиги бўлиши айтилганди. Ушбу прогноз аниқлиги — 50-60 фоиз атрофида.

Қор кўп ёғишига умид борми?

Германия Ер тадқиқотлари марказининг «Марказий Осиёда сув» лойиҳаси раҳбари, Берлиндаги Ҳумболдт университети доценти Аброр Ғафуров ёз фаслида Kun.uz’га берган интерьвюсида ўтган йилги қишда қор ачинарли даражада кам ёғганини қайд этганди.

«Марказий Осиёда сув» лойиҳаси раҳбари Аброр Ғафуровнинг маълумот беришича, бу йилги қишда эса ёғингарчилик унчалик муаммоли бўлиши кутилмаяпти. Лойиҳа фаоллари қиш фасли қандай ўтаётганини спутник маълумотлари ёрдамида ўрганади. Тўпланган маълумотларга кўра, бу йил Марказий Осиёда қишки ёғингарчилик яхши бўлиши кутиляпти.

«Шу кунгача бутун Марказий Осиёда охирги йилларга қараганда анча кўпроқ қор ёғди. Масалан, Чотқол дарё ҳавзасида охирги 22 йил ичидаги энг максимум қор қоплами кузатиляпти.

Графиклардаги узуқ қизил чизиқ — бу йилги қор ёғиш ҳолати. Кўк чизиқ — охирги 22 йилдаги энг максимум қор қоплами, сариқ чизиқ эса минимум қор қоплами. Яшил чизиқ эса охирги 22 йилдаги ўртача қийматни англатади.

манба: MODSNOW. 5 декабр ҳолатига

Солиштириш учун кўриш мумкинки, ўтган йили Амударё ҳавзасида охирги 22 йилликда ўртача миқдордан камроқ қор тўпланган.

  

Ўзбекистонда охирги марта қачон кўп қор ёғган эди?

Охирги 10 йилликда энг қаттиқ келган ва қор кўп ёғган қиш — 2007-2008 йилларга тўғри келади. Ўша йилги қишда ёғган қор республика бўйлаб декабр охиридан то февралнинг ўрталаригача сақланиб қолган, эриб кетмаган. Қор қоплами 60-65 кун сақланган. Ўша йилги қиш — охирги 10 йилликдаги энг қорли қиш бўлган.

Қор нимаси билан фойдали?

Қор ёғиши — экотизим учун ўта муҳим ҳодиса ҳисобланади. Агар қор қопламлари бўлмаганда Қуёш ҳарорати Ерга 4-6 марта кўпроқ сингиган бўларди. Қор қопламлари мавжуд бўлиши ёки бўлмаслиги Ер юзасининг исиши ва совишини назорат қилади.

Қор — Ернинг мавсумий циклининг бир бўлагидир. Унинг қиш фаслида ёғиши табиат мувозанати жойида бўлишини англатади. Баҳорнинг алдамчи тарзда қиш пайти бошланиб кетиши ва ортидан қор ёғиши каби ҳодиса кузатилса, табиатга зарари катта бўлади.

Бундан ташқари, баҳор ва ёздаги сув миқдори қишда ёғган қор қопламига боғлиқ бўлган ҳудудлар борки, уларда қиш бўлмаслиги, яъни қор ёғмаслиги келаётган деҳқончилик мавсумида қурғоқчилик эҳтимоли борлигини билдиради.

Қорнинг Ўзбекистон учун аҳамияти-чи?

Ўзбекистон худди шундай ҳудудлардан ҳисобланади. Яъни ёзда сувнинг танқис бўлмаслиги қишда қорнинг яхши ёғишига боғлиқ.

Марказий Осиёда сув шаклланиши асосан тоғларда қорлар тўпланишига боғлиқ. Аброр Ғафуровнинг маълумот беришича, минтақанинг асосий сув манбаси — қор ва музликлар, аммо кўп қисми қор ҳисобига шаклланади. Ўрта Осиёдаги тоғлар қишда ёғган қорлар эвазига ёз фасли учун сув сақлаш функциясини ҳам бажаради. Агар ёғингарчиликлар қор кўринишида тушмай қўйса, муаммоли вазият пайдо бўлиши мумкин. Бунда ёғингарчиликнинг асосий қисми ёмғир кўринишида туша бошлайди ва Марказий Осиё тоғлари сувни ёз фасли учун сақлаш функциясини йўқотиши мумкин.

Қисқача айтганда, Марказий Осиё ҳудудида бу йил кўпроқ қор ёғишига умид бор. Катта қисми қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб даромад топадиган Ўзбекистон аҳолиси учун бу хурсанд бўладиган ҳолат.

Қорли кунлар болаларнинг хурсандчилигидан ташқари, шаҳар автойўлларида тирбандликлар келтириб чиқариши, йўлкира ошиши, газ босими пасайиб кетиши билан, қишлоқларда эса шундоқ ҳам газсиз уйларда чироқлар ҳам тез-тез ўчиб қолиши билан кайфиятсиз тарзда қаршиланишини яхши биламиз. Таассуфки, ис гази туфайли нобуд бўлаётганлар тўғрисидаги хабарлар ҳам мавсум бошланиши ҳамоно кўпайиб қолди. Аммо қорсиз ҳам ҳолимиз ҳавас қиларли бўлмайди.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Top