Эрон олий раҳбарининг жияни намойишларни қўллаб-қувватлагани учун қамалди
У давлат раҳбарига бўйсунувчи махсус идора томонидан судланган.
Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг жияни Фарида Муродхоний намойишларни қўллаб-қувватлагани учун 3 йилга қамалди.
У ноябр ойида Эронда давом этаётган ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлашини эълон қилганидан кейин ҳибсга олинган эди. У ҳатто халқаро ҳамжамиятни Теҳрон билан алоқаларни узишга чақирди.
Муродхоний адвокати дастлаб унинг 15 йилга қамалганини, бироқ апелляциядан сўнг жазо муддати қисқартирилганини айтди. Унинг таъкидлашича, аёл Эроннинг махсус суд маҳкамаси, яъни фақат олий раҳнамога ҳисобдор бўлган мустақил идора томонидан судланган.
Муродхоний нимада айблангани маълум эмас, шунингдек, расмийлар ҳам ҳозирча бу иш бўйича изоҳ бермаган.
Қайд қилиш жоизки, аёл бундан олдин 2 марта, шу йилнинг бошида ва 2018 йилда Эрон режимини танқид қилгани учун ҳибсга олинган эди.
Аввалроқ, Фарида Муродхонийнинг онаси ва олий раҳбар Али Хоманаийнинг синглиси Бадри Ҳусайний Хоманаий ҳам Эрон режимига қарши эканини эълон қилиб, қуролли кучларни «кеч бўлмасдан олдин» намойишчиларга қўшилишга чақирган эди.
Эронда оммавий намойишлар 16 сентябрдан буён давом этмоқда. Бунга 22 ёшли эронлик курд аёл Маҳса Аминий ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин шифохонада ҳаётдан кўз юмгани сабаб бўлган.
Норвегияда жойлашган Iran Human Rights ташкилотига кўра, намойишлар чоғида хавфсизлик кучлари томонидан камида 458 киши, жумладан, 63 бола ва 29 аёл ўлдирилган.
Мавзуга оид
12:10 / 21.12.2024
Ўзбекистон ва Эрон картошка етиштиришда ҳамкорликни йўлга қўяди
14:52 / 20.12.2024
Эрон Ўзбекистоннинг қатор маҳсулотларига экспорт учун рухсатнома беради
16:32 / 19.12.2024
Ўзбекистон Эрон билан қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кучайтиради
19:15 / 15.12.2024