АҚШда "Локерби иши" бўйича айбланган ливиялик ҳибсга олинди
Ливия разведкасининг собиқ зобити Абу Ажила Муҳаммад Масъуд Колумбия округида суд олдида жавоб беради. У самолёт бортида портлаган бомбани ясаганликда айбланмоқда.
Ливия разведка хизматининг собиқ ходими Абу Ажила Муҳаммад Масъуд 1988 йилда Шотландиянинг Локерби шаҳри осмонида содир этилган терактга алоқадорликда гумон қилиниб, АҚШда ҳибсга олинди. Бу ҳақда 11 декабрь, якшанба куни Шотландия прокуратураси маълум қилди.
Тергов шуни кўрсатадики, Масъуд Лондондан Нью-Йоркка кетаётган PanAm йўловчи самолёти бортида портлаган бомбани тайёрлашда етакчи рол ўйнаган. AFP агентлигининг АҚШ Адлия вазирлигига таяниб хабар беришича, ҳибсга олинган ливиялик Колумбия пойтахт округи суди олдида жавоб беради.
Масъуд қандай шароитда ҳибсга олингани ҳозирча номаълум. Эркак икки йил олдин АҚШда айбланганида, у 1986 йилда Берлиндаги La Belle дискотекасига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланиб, Ливияда ҳибсда сақланган. Ҳодиса оқибатида икки америкалик ҳарбий ва бир турк аёл ҳалок бўлган. The New York Times газетаси ёзишича, Ливия разведкасининг собиқ ходими ФҚБ томонидан ҳибсга олинган ва АҚШга экстрадиция қилинган.
34 йил олдин Локерби осмонида содир бўлган теракт натижасида 270 киши ҳалок бўлган, улардан 190 нафари АҚШ фуқаролари эди. Ҳозирча бу иш бўйича фақат бир киши судланган - Ливия разведкасининг собиқ ходими Абдел Босит ал-Миграҳий. 2001 йилда у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ 2009 йилда Шотландия минтақавий ҳукумати уни бедаво касал сифатида афв этган. Уч йилдан сўнг у Ливияда вафот этди.
Шотландия қироллик прокуратураси полиция ва АҚШ агентликлари билан келишилган ҳолда «ал-Миграҳий тарафида ҳаракат қилганларни жавобгарликка тортиш» учун терговни давом эттириш ниятида эканини айтди.
Локерби осмонида самолётнинг портлаши Буюк Британиядаги энг йирик теракт бўлди. 2003 йилда Ливия бунинг учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва қурбонларнинг яқинларига 2,7 миллиард доллар (тахминан 2,3 миллиард евро) товон пули тўлади. 2011 йилда Ливия собиқ адлия вазири Мустафо Абдел Жалил Ливия раҳбари полковник Муаммар Қаддофий 1988 йилда Шотландия осмонида Америка йўловчи самолётини портлатишга шахсан буйруқ берганини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
16:15
Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024