Жаҳон | 22:52 / 13.12.2022
12371
2 дақиқада ўқилади

Республикачилар Трампдан кўра ДеСантис номзодини президентликка ёқламоқда 

Партия аъзолари орасида ўтказилган сўров шу натижани берган. 

Фото: Getty Images

USA TODAY/Saffolk universiteti сўровига кўра, Республикачилар партиясининг аксарият тарафдорлари 2024 йилда бўлиб ўтадиган сайловда АҚШ президенти лавозимига собиқ президент Доналд Трампни эмас, балки Флорида губернатори Рон ДеСантисни номзод сифатида кўришни хоҳлайди. 

Сўров натижаларига кўра, Республикачилар партияси тарафдорлари ва унга мойил бўлганларнинг 56 фоизи ДеСантисни ўз номзоди сифатида кўришни истамоқда, атиги 33 фоизи Трампни қўллаб-қувватлаяпти. 

Шу билан бирга, респондентларнинг 61 фоизи Трамп сиёсатини давом эттирадиган номзодни кўришни, бор-йўғи 31 фоизи эса собиқ президент ҳокимиятга қайтишини истаётганини айтган. 

Шунингдек, Трампни Республикачилар партияси томонидан маъқулланиш рейтинги 64 фоизга тушган, Конгресс сайловларидан олдин бу кўрсаткич 75 фоиз эди. 

Ноябр ойидаги оралиқ сайловлардан сўнг, Республикачилар партиясидаги кўпчилик Трампдан юз ўгиргани ва ҳозирда ДеСантисни президентликка энг яхши номзод деб билишини АҚШ матбуоти ёзди. Трамп томонидан қўллаб-қувватланган АҚШ Сенати ва Вакиллар палатасига номзодлар муваффақиятсизликка учради, ДеСантис эса катта ғалаба қозонди ва губернаторликка қайта сайланди. 

Сўровда рўйхатга олинган 1000 нафар сайловчи иштирок этган ва 7-11 декабр кунлари ўтказилди.

 

Мавзуга оид