Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Роскомнадзор Қозоғистон сайтларига таҳдид қилди
Россия давлат идораси хориж сайтидан Украинадаги уруш бўйича хабарларни олиб ташлашни талаб қилди.
Россиянинг Роскомнадзор (РКН) ташкилоти Қозоғистоннинг «Власт» сайтидан Украинадаги уруш ҳақидаги хабарларни олиб ташлашни талаб қилди. Акс ҳолда сайт блокланиши билан таҳдид қилди.
Жумладан, РКН Россия ҳарбийлари томонидан Украинанинг Винница шаҳри ўққа тутилгани, бунинг оқибатида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни, шунингдек, аннексия қилинган Мариуполнинг 22 минг тинч аҳолиси ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни олиб ташлашни талаб этган.
Нашр бош муҳаррири Вячеслав Абрамов Россия федерал хизмати талабларини бажариш ниятида эмаслигини айтди. «Власт» Қозоғистонга тегишли сайт бўлиб, унинг фаолияти Россия қонунлари ва идоралари томонидан тартибга солинмайди. Таҳририят «ҳарбий цензура учун масъул» бўлган хорижий идоранинг талаби қандай бўлишидан қатъи назар, Украинадаги урушни ёритишни давом эттиришга ваъда берди.
«Биз ўқувчиларнинг катта қисмини йўқотамиз деб ўйламаймиз, чунки бизда россияликлар кўпи билан 5-10 фоизни ташкил қилади. Россия барча даражадаги цензура билан банд ва ўз мамлакатидаги ресурслар билан худди шу тарзда ишлайди. Роскомнадзорнинг талаби бизни хавотирга солмайди ва ишимизга жиддий таъсир қилмайди», деди Абрамов.
Август ойида Қозоғистоннинг Ratel сайти ҳам Роскомнадзор талабига кўра Украинадаги уруш ҳақидаги материални ўчиришдан бош тортган эди. Кейин РКН ресурсни блоклаш билан таҳдид қилди, қозоғистонлик журналистлар эса мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидан ёрдам сўрашди.
РКН мунтазам равишда Россия ва хорижий ОАВ ва сайтлардан Россия ҳукумати учун номақбул хабарларни, шу жумладан 24 февралдан бери Украинадаги урушга оид маълумотларни олиб ташлашни талаб қилади. Апрел ойида Роскомнадзор рус тилидаги Википедияга Россия президенти Владимир Путин ҳақидаги мақоладан икки бўлим – «Украина билан алоқалар (2012 – ҳозир)» ва «Украинага босқиндан кейин (2022)»ни олиб ташлашни талаб қилиб, иккита билдиришнома юборди. Иккинчисида, бошқа нарсалар қаторида, «Гитлер билан тарихий ўхшашликлар» бўлими мавжуд бўлиб, унда Путиннинг Украина урушидаги ҳаракатлари Германия диктаторининг Иккинчи Жаҳон уруши давридаги ҳаракатлари билан таққосланади. Википедия РКН талабини рад этгач, Москванинг Таганский тумани Википедия бошқарувчи директорини 2 миллион рубл миқдорида жаримага тортган эди.