Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Россия газ инфратузилмасига ҳам зарбаларни кучайтирмоқда
«Зангори оқим» газ қувури зарбага учради. Россия томони бундай ҳужумларнинг олдини олиш учун Туркия Украинага босим ўтказишидан умид қилмоқда.
Украина ҳарбийлари дронлар орқали «Зангори оқим» («Голубой поток») газ қувури таркибидаги «Краснодарская» компрессор станциясига ҳужум қилди.
«Газпром» баёнотида ҳужум 8 июлга ўтар кечаси амалга оширилгани маълум қилинган. Компаниядагилар фикрича, бу ҳужумдан мақсад «Россия газининг Туркияга узлуксиз етказиб берилишини тўхтатиш» эди, бироқ «тезкор чоралар» кўрилгани туфайли газ етказиб беришда узилишлар юз бермади.
Украина дронлари феврал ой охирида ҳам «Зангори оқим» ва «Турк оқими»га ҳужум қилганди – ҳозир Россия гази Туркия ва Европага фақат шу қувурлар орқали етказиб берилади. Бунгача «Русская», «Береговая» ва «Казачя» компрессор станциялари ҳам ҳужумлар нишонига айланганди, аммо бу ҳужумлар жиддий оқибатларга олиб келмаганди.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «муҳим халқаро энергия тизими» объектларига ҳужумларни «жуда хавфли» деб атаб, Туркия Украинага таъсир кўрсатишига умид билдирди. «Биз турклар ва бошқа давлатлар Киев режимини бундай ҳаракатлардан қайтариш учун ўз таъсиридан фойдаланишига умид қиламиз», – деди у.
Туркияда шу кунларда НАТО саммити бўлиб ўтмоқда, унда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этмоқда. У ўз чиқишида Украина дронлари ҳужумлари географияси кенгаяётгани ҳақида гапириб, яқинда Омскдаги нефтни қайта ишлаш заводига (Украина чегарасидан 2500 км масофада) берилган зарбани мисол қилиб келтирган. Украина президенти таъкидлашича, бу ҳужум истисно ҳолат эмас, балки Украинанинг узоқ масофали дронлар дастурини ривожлантиришнинг бевосита натижаси бўлган.
Украина сўнгги кунларда Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни сезиларли даражада кучайтирди. 8 июл куни эрталаб дронлар Бошқирдистондаги «Черкасс» диспетчерлик станциясига ҳужум қилди (сўнгги икки ҳафта ичида иккинчи марта). Украина хавфсизлик хизматига кўра, бу станция «Транснефт-Урал» тизимининг асосий объектларидан биридир.
Украина Пилотсиз тизимлар кучлари бошлиғи Роберт Бровди («Мадяр») берган маълумотларга кўра, сўнгги уч кун мобайнида дронлар Азов денгизи ҳудудида РФ яширин флотига мансуб бўлган 19 та танкерга зарба берган – улар Қримга ёқилғи етказишга ҳаракат қилганида ҳужумга учраган. Reuters агентлиги эса Қора денгизда дронлар Американинг Сhevron компанияси танкерига ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатди, бу танкердан Новороссийскдаги терминалдан нефт ташишда фойдаланилган.