Жаҳон | 08:46 / 13.12.2022
6603
3 дақиқада ўқилади

Шольц урушдан кейин Россия билан ҳамкорлик тикланиши мумкинлигини маълум қилди

Украинадаги уруш тугаганидан кейин Германия Россияга ҳамкорликни тиклаш имкониятини бериши мумкин, деди Германия канцлери Олаф Шольц. Агрессия давом этар экан, Россияни қаттиқроқ санкциялар кутмоқда, деди у. 

Фото: Picture Alliance

Россия ва Украина ўртасидаги уруш тугаганидан кейин Германия Россия билан иқтисодий ҳамкорликни тиклаши мумкин. Бу ҳақда 12 декабрь, душанба куни Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг 70 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзга чиққан федерал канцлер Олаф Шольц айтди. 

«Маълумки, ҳозир биз ўзаро муносабатларимизни чеклаяпмиз, - дея Шольцнинг сўзларини келтиради dpa. - Аммо урушни тугатадиган Россия ва ўзлари учун бошқа келажакка интилаётган Россия фуқаролари учун вақт ўтиши билан иқтисодий ҳамкорликни қайта бошлаш мумкин бўлади».

«Аммо ҳозир эмас. Ҳозир биз санкцияларни кучайтирамиз», - дея таъкидлади Германия канцлери. Унинг сўзларига кўра, Германия Қрим аннексия қилинган 2014 йилдан бошлаб Россияга нисбатан жазо чораларини жорий қила бошлагани муҳим. Шу билан бирга, Шольц Россия урушдан кейин ҳам Европадаги энг йирик давлат бўлиб қолишини ва «бу вақтга тайёргарлик кўриш» кераклигини эслатди. 

Германия ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага қарши агрессив урушидан мақсад Европанинг таъсир доираларига янги бўлиниши ва империяни қайта тиклашдан иборат. Кремль бунинг учун Украина инфратузилмасини йўқ қилиш ва мамлакатдаги тинч аҳолига зарба бериш ҳақида буйруқ беряпти, бу халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ҳисобланади, деди канцлер. 

«Шунинг учун Россия бу урушда ғалаба қозонмаслиги керак. Россия бу урушда ғалаба қозона олмайди», деб таъкидлади Шольц. Шунингдек, у Путин нафақат Украинани, балки Россиянинг келажагини ҳам вайрон қилаётганини ва у «буни ўз мамлакати ва халқига тушунтириши» кераклигини айтди. 

Шу тадбирда сўзга чиққан Шольц, 21-асрда дунё келажагини АҚШ ва Хитой ҳукмронлик қиладиган икки қутбли эмас, балки кўп қутбли сифатида кўришини айтди. Канцлернинг сўзларига кўра, бу Германияга келажакда бировнинг ресурслари ёки технологияларига бир томонлама қарам бўлиб қолиш хавфидан қочиш учун иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш имкониятини беради. 

Шольц қўшимча қилишича, бундай диверсификация Германия ҳукумати қабул қилмоқчи бўлган миллий хавфсизлик стратегиясига ёзилади. 

Мавзуга оид