Ўзбекистон | 08:40 / 14.12.2022
21838
6 дақиқада ўқилади

Ўзбек “алкимёгар”ларининг ноёб ихтироси

Сайёрамизда илм-фан ривожланиб, технологиялар такомиллашиб боряпти. Соҳалар, жумладан, кон-металлургия саноати ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти олим ва мутахассислари илмий ва амалий салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлган ихтиро ва технологиялар дунё олтинтопарларини ҳайратга соляпти.

Хусусан, улкан корхона мутахассис ва олимлари томонидан яратилган ҳамда 2019 йилда амалиётда қўлланиб, халқаро миқёсда патентланган, мураккаб таркибли ва қайта ишлаш қийин бўлган маъдандан олтин ажратиб олишга мўлжалланган ихтиро дунё кон-металлургия саноатида муҳим янгилик бўлди. Комбинат “алкимёгарлари”нинг бу янги технологияни қўллаши асосида гидрометаллургия заводида ҳозирда йилига чиқиндилардан қўшимча 1,5 тонна олтин олинмоқда.

Учқудуқда бунёд этилган гидрометаллургия заводида сульфидли маъданларни қайта ишлаш технологияси амалиётга татбиқ этилди. Ушбу технология табиатдаги бактериялар ҳисобига оксидлаш жараёнини қамраб олган. Ҳозирда мазкур завод биооксидлаш технологияси асосида олтин ажратиб олинаётган корхоналар орасида ишлаб чиқариш қуввати бўйича дунёдаги 18та заводнинг энг йириги ҳисобланади.

Сульфидли маъданлар мураккаб таркибли ва ишланиши қийин маъданлар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам гидрометаллургия заводидан чиқаётган маъдан чиқиндилари таркибида маълум миқдорда олтин қолади. Бу, дунёдаги шу турдаги маъданларни қайта ишлайдиган барча гидрометаллургия заводларига хос муаммодир. Яъни қоғозга ўралган ширинлик каби қимматбаҳо металл устини углерод ёки олтингугурт ўраб туради. Гўёки “ёнғоқни чақиб”, мағзини олиш керак. Ана шу жараёнда ҳамма “ёнғоқ” ҳам чақилавермайди. Комбинат олимлари яратган технология ана шу “чақилмай қолган ёнғоқларни чақишга” ихтисослашган. Бу жараён фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш йўли билан амалга оширилади. 

“Заводимиз дунёдаги энг илғор технологиялар ишлатиладиган заводлар тоифасига киради. Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи комбинат мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган технологиялар асосида қурилган. Ушбу технология мураккаб таркибли маъдандан олтинни юқори самарадорликда ажратиб олишга мўлжалланган. Бу технологияни яратиш борасидаги биринчи қадам 2009 йилда ташланган бўлиб, 10 йил давомида заводимиз лабораториясида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган. Ушбу илмий-тадқиқотлар натижалари янги технология сифатида Интеллектуал мулк агентлигида патентланган. Бу дунё миқёсида аҳамиятга эга бўлган ихтиро бўлди. Бошқа давлатлардан комбинатимизга ушбу патент асосида биргаликда иш олиб бориш таклифлари туша бошлади. Ихтиро айниқса германиялик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Натижада Германия компанияси ҳамда комбинатимиз мухахассислари ҳамкорликда бизнинг патентланган технологияни ишлаб чиқаришга жорий қилиш учун технологик ускунага немис патенти ҳамкорликда олинди. Бу технология экологик тоза ҳисобланади”, — дейди гидрометаллургия заводи бош муҳандиси ўринбосари Шаҳобиддин Аҳмедов.

Қисқа фурсатда қуриб битказилган мажмуа мураккаб таркибли маъданларни қайта ишлаш имкониятини янада оширди. 

“Бошланишида бу ишимизга нафақат чет элликлар, балки соҳа мутахассислари ҳам бироз ишончсизлик билан қарашди. Чунки бу ишимиз янги назарияга асосланган ва бунинг натижасида замондан анча олдинга ўтиб кетган иш эди. Бизнинг бу ишимиз соҳанинг таниқли олими ва амалиётчиси, профессор Қувондиқ Санақулов бошчилигида кўп йиллик машаққатли изланишларнинг натижаларига, аниқ исбот ва далилларга асосланган. 2009-2019 йиллар мобайнида шу мавзуда 3 мингдан ортиқ турли хил тажрибалар ўтказганмиз. Шунинг учун ҳам орқага чекинмадик, ишни охирига етказдик. Аввалига Ўзбекистонда, кейин эса Германияда патент олдик. Ишимиз бўйича Қозоғистон, Россия ва Германияда ўтказилган халқаро конференцияларда маъруза қилганмиз ва 1-даражали дипломлар билан қайтганмиз. Бу патентлар ишлаб чиқаришга жорий қилингани натижасида комбинатимиз ҳар йили чиқиндидан қўшимча 1,5 тонна олтин олмоқда”, - дейди “НКМК” АЖ бошқармаси технологик бўлим бошлиғи ўринбосари, техника фанлари доктори Улуғбек Эргашев.  

Ушбу ихтиро мураккаб таркибли маъданларни қайта ишлашда янги ва ноёб технология ҳисобланади. Ихтиро Ўзбекистон кон-металлургия саноати тарихида биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига лойиқ кўрилган. Дастлабки лойиҳада ихтиро асосида қурилган мажмуада олтинни чиқиндидан ажратиб олиш даражаси 62 фоиз деб белгиланган эди. Гидрометаллургия заводи бош муҳандиси ўринбосари Аваз Колоновнинг таъкидлашича, ҳозирда бу кўрсаткич 76 фоизга етказилган:

“Бизнинг заводимиз сульфидли маъданларни қайта ишлашга мўлжалланган. 2008-2009 йилларда сульфидли бойитма таркибидан олтинни ажратиб олиш учун заводимизда биологик оксидлаш жараёни ишга тушган эди. Биологик оксидланган маҳсулот таркибидан 85 фоизгача олтинни ажратиб олардик. Қолган 15 фоизи эса чиқиндига чиқиб кетарди. Янги технология жорий этилгач, ана шу чиқинди таркибидаги 15 фоиз олтиннинг аксарият қисмини ажратиб олиш имкониятига эга бўлдик. Технологиянинг асосий афзаллиги, у энерготежамкор, экологик талабга жавоб беради, катта ишлаб чиқариш қувватига эга ҳамда тўлиқ автоматлаштирилган”.  

Комбинат “алкимёгарлари”нинг бу ихтироси заводда чиқиндидан қўшимча тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобига таннархни камайтириш имконини берди. “НКМК” АЖда бу каби янги технологияларни яратиш, самарали таклифларни амалиётга жорий этиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Kun.uz мухбири – Руслан Сабуров,
Монтаж устаси – Жаҳонгир Турғунов

 

Мавзуга оид