Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НКМК олтиндан рекорд даражада фойда ва даромад кўрди – лекин ишлаб чиқариш таннархи ҳам ошиб боряпти
Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йилнинг биринчи ярмида 1,52 миллион троя унция отин ишлаб чиқарди. Бу даврда компания даромади 40 фоизга, соф фойдаси эса 71,8 фоизга ўсди. Шу билан бирга олтин ишлаб чиқариш таннархи 28 фоизга ошди – бу рақамлар сўнгги йилларда ўсиб боряпти.
Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йил биринчи ярмидаги молиявий ҳисоботини эълон қилди.
НКМК биринчи ярим йилда олтин нархи ошиши ва сотув ҳажмининг кўпайиши туфайли рекорд даражадаги даромадга эришди. Ҳисоботга кўра, олтин ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилги 1,52 миллион троя унциядан жорий йилда 1,54 миллион унция ошган (+1,3 фоиз ўсиш).
Жаҳон бозорида олтин нархларининг рекорд даражада қимматлаши фонида компания даромади ўтган йилга нисбатан 40 фоизга ошган – НКМК 2025 йилнинг биринчи ярмида 4,7 млрд доллар даромад олди, ўтган йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 3,3 млрд долларни ташкил қилган.
Бу даврда компаниянинг соф фойдаси 71,8 фоизга ўсиб, 1,5 млрд долларни ташкил этди – ўтган йилнинг 6 ойида НКМК 882 миллион доллар соф фойда олганди.
Операцион фойда 1,7 млрд доллардан 2,8 млрд долларга ошди, бунда ўсиш 60,3 фоизни ташкил қилди. Солиқ тўловлари қарийб 70 фоиз, яъни 716 млн доллардан 1,22 млрд долларгача ўсди.
EBITDA ўтган йили 2 миллион доллар бўлган бўлса, жорий йилда 3 миллион долларга етди ва 51,7 фоиз ўсиш қайд этилди.
Шунингдек, конларни кенгайтириш ва янги конларни қидириш доирасида инвестициялар ҳажми 38,3 фоизга ошиб, 412 млн долларни ташкил этди.
Олтин ишлаб чиқариш таннархи ўсмоқда
1 унция олтин ишлаб чиқариш таннархи (AISC) 1,164 долларга етди – бу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,3 фоизга ўсди (2024 йилда 907 доллар/унция).
AISC – All-in Sustaining cost, яъни барча харажатлар: ишлаб чиқариш, техник хизмат, қазиб олиш ва амалий харажатлар ҳисобга олинган ҳолда битта троя унцияга тушган таннарх.
НКМК ҳисоботида таннарх ошишининг асосий сабаблари сифатида қуйидагилар келтирилади:
• Олтин нархининг ошиши бўйича роялтилар (конлар эгаларига тўланадиган ҳақ) оширилиши;
• Қазиб олиш ҳажми ва тоғ-кон массаси кўпайиши, бу эса операцион харажатлар ва ташиш-логистика каби харажатларни оширади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров олтиннинг шартли ишлаб чиқариш таннархи (AISC) жуда тез ва доимий равишда ошиб бораётганига эътибор қаратди. Таннарх 2022 йилда 778 доллар, 2023 йилда 866 доллар, 2024 йил 1-ярмида 907 доллар, 2024 йил якуни билан 979 доллар ва 2025 йил 1-ярим йиллигида 1 164 долларга етди.
“Компания таннархнинг қимматлашишини роялти ошиши билан изоҳлаган. Лекин фақат роялти омили таннархни шиширмаётгани аниқ”, - деб ёзди иқтисодчи.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев жорий йил якуни билан олтин ишлаб чиқаришнинг йиллик кўрсаткичи 118 тоннага етказилишини маълум қилганди.
Мавзуга оид
17:57 / 15.06.2026
Президент муҳим минераллар хомашё базасини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди
21:34 / 13.06.2026
Андижонда олтинларни турли найранглар орқали олиб киришга уринган шахслар тўхтатиб қолинди
14:26 / 28.05.2026
1,5 млрд долларлик олтин сотуви ва кескин ошаётган гўшт импорти — Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
18:43 / 26.05.2026