Жаҳон | 10:46 / 15.12.2022
7511
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага «ақлли бомбалар» учун ускуналар беришни режалаштиряпти

GPS технологиясига асосланган компонентлар бошқарилмайдиган авиация қуролларини «ақлли бомба»га айлантира олади, бу эса россиялик ҳарбийларнинг позицияларига юқори аниқлик билан зарба бериш имконини яратади, деб ёзади The Washington Post.

Фото: АҚШ армияси

Қўшма Штатлар Украинага бошқарилмайдиган авиация қуролларини Россия ҳарбий позицияларига юқори аниқлик билан зарба бера оладиган «ақлли бомба»га айлантириши мумкин бўлган илғор электрон ускуналар жўнатмоқчи. Бу ҳақда 14 декабрь, чоршанба куни АҚШнинг юқори мартабали расмийларига таяниб, The Washington Post (WP) хабар берди.

Тўпламлар орасида турли хил қуролларга ўрнатилиши мумкин бўлган GPS технологияси асосидаги қурилма мавжуд. Нашр суҳбатдошлари Украина томони бундай тўпламлар билан авиация ёки ердаги қуролларни жиҳозлаши борасида аниқ ҳолатни очиқламади.

Хабар эълон қилинган пайтда АҚШ президенти Жозеф Байден ёки унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бундай жиҳозлар етказиб берилишини маъқуллагани ёки маъқулламагани маълум эмас. Вашингтон аввалроқ Украинага замонавий қуроллар, жумладан, юқори тезликда ҳаракатланувчи HARM антирадиолокацион ракеталарини етказиб берганди.

Бир неча кун аввал АҚШ Украинага Patriot зенит-ракета комплексларини етказиб беришни якунлаётгани маълум бўлган эди. Пентагон режаси АҚШ президентига имзолаш учун тақдим этилишидан олдин мудофаа вазири Ллойд Остин томонидан тасдиқланиши керак.

Мавзуга оид