Жамият | 09:25 / 15.12.2022
15589
2 дақиқада ўқилади

Германия Patriot тизимларини Украинага беришдан бош тортди

Германия мудофаа вазири Ламбрехтнинг айтишича, АҚШнинг Киевга Patriot етказиб беришга тайёрлиги Германия позициясини ўзгартирмаган. Берлин Украинани Gepard ва Iris-T SLM тизимларини етказиб бериш билан қўллаб-қувватламоқда, деди у.

Фото: NATO

Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт АҚШнинг Украинага Patriot зенит-ракета комплексларини топширишга тайёрлиги ҳақидаги хабарлар ортидан, Берлин бундай ҳаракатларни режалаштирмаганини айтди. Германия НАТО бўйича ҳамкор Словакияга Patriot тизимларини етказиб беряпти, кейин эса уларни Полшага беради. Украина бўйича, Германиянинг ҳаво мудофааси соҳасида ушбу мамлакатни қўллаб-қувватлаши Gepard ва Iris-T SLM тизимларини етказиб бериш билан чекланган, деди у 14 декабрь, чоршанба куни Берлинда.

Германиянинг Украинага Patriot етказиб бериш бўйича позицияси ўзгарганми, деган саволга Ламбрехт ушбу комплексларни Киевга АҚШ томонидан етказиб берилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида шундай жавоб берди. Шу пайтгача Германия ҳукумати Patriot'нинг Украинага ўтказилишига салбий муносабатини бу мажмуалар Киевга НАТОнинг бошқа бирорта давлати томонидан етказиб берилмагани билан изоҳлаб келаётганди.

Аввалроқ Американинг CNN телекомпанияси ва The New York Times газетаси Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар Украинага Patriot зенит-ракета комплексларини етказиб беришга тайёрлигини маълум қилган эди. Хабарларда қайд этилишича, Оқ уй бу масала бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмаган, аммо у ҳафтанинг бошида қабул қилиниши мумкин.

Мавзуга оид