«Ҳеч кимга таҳдид қилиш ниятим бўлмаган» – электр ва газдан шикоят қилганларга ИИБнинг камераларини эслатган депутат
Яқинда наманганлик депутат Музаффар Жамолиддиновнинг Facebookʼдаги саҳифасига жойлаган пости кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Унда депутат “шамда ўтирсанг ҳам уйингда ўтир, ИИБнинг камерасида эмас”, – дея электр ва газдан шикоят қилганларга қамоқни эслатганди. Депутат ОАВга берган интервьюсида бу пост таҳдид қилиш учун ёзилмаганини маълум қилди.
Наманган тумани халқ депутатлари Кенгаши котибияти раҳбари, депутат Музаффар Жамолиддинов “шов-шув”ларга сабаб бўлган постини ўчириб, унинг ўрнига яна бир пост ҳам жойлаган. Унда жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган пости нотўғри қўйилганини айтиб, ўчириб юборган.
“Кўпчилик фикрларимни очиқдан очиқ таҳдид сифатида қабул қилибди. Бунга ваколатли шахс, яъни жазоловчи орган одами бўлмасам, қандай қилиб кимнидир қўрқитишим мумкин? Депутат ўзи асли халқ вакили бўлса”,– дейди у “Дарё” сайтига берган интервьюсида.
“Ҳаётда электр ва газ танқислигидан ташқари, бошқа ташвишлар ҳам борлигини назарда тутиб пост қўйгандим”
“Бундан 5 йил аввал, 2017 йили 10 ой давомида қамоқ эҳтиёт чорасида сақланганман. Суд тугаганидан сўнг озодликка чиққанман ва кейинчалик судланганлик ҳолати олиб ташланган. Шундан келиб чиқиб, ҳаётда электр ва газ танқислигидан ташқари бошқа ташвишлар ҳам борлиги, уларнинг олдида бу муаммолар у қадар аҳамиятли эмаслигини назарда тутиб, пост қўйгандим. Лекин барча ҳам мени танимаслиги, ўтмишимдан хабардор эмаслиги, бошқача тушунишлари мумкинлигини ўйлаб кўрмаган эканман.
Постни кечки пайт жойлагандим, чарчаган эканман, кўзим илинибди. Орадан икки-уч соат ўтиб қарасам, постнинг остида 1,5 мингдан ортиқ изоҳ турибди. Уларнинг аксарияти ўта салбий эди. Тўғриси, буни ўзим ҳам кутмагандим — шунча одам мени кузатиши, фикримга муносабат билдиришини. Шундан сўнг бу постни ўчириб ташладим ва кейинроқ асл мақсадим баён қилинган иккинчи постни жойладим. Лекин унга деярли ҳеч ким эътибор бермади, тушунишни ҳам истамади. Биргина “Дарё” нашрида ушбу изоҳ чоп этилди, бунинг учун таҳририятдан миннатдорман”, – дейди депутат.
Шунингдек, Музаффар Жамолиддинов суҳбатда ҳеч кимга маддоҳлик қилишга эҳтиёжи йўқлигини, бу ишлардан кейин хулоса чиқарганини таъкидлаб, узр сўраган.
“Асосий хулоса шуки: нафақат депутат, балки ҳар қандай инсон чиқишларига, ижтимоий тармоқларда жойлаётган постларига эътиборлироқ бўлиши керак экан. Шахсий ҳаётидаги муаммоларни халқ ташвиши билан аралаштирмаслиги ва бу орқали омманинг ғазаб-нафратини қўзғатмаслиги керак экан. Сўзларимни нотўғри тушунган барчадан бунинг учун яна бир бор узр сўрайман.
Бошимдан ўтказганларим мен учун катта сабоқ бўлди. Ўзим қўйган пост ортидан юзага келган талқин ва танқидларни муҳокама қилиб ўтирмасдан, депутатлик ваколатимни муддатидан аввал тугатиш ҳақида ариза бердим. Энди уни кўриб чиқиш кенгашга ҳавола”.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат бўйича кўплаб жамоатчилик фаоллари қаторида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам фикр билдирган эди.
Мавзуга оид
23:09 / 03.08.2023
Миришкорда кўлда чўмилаётган профилактика инспектори ғойиб бўлган. Прокуратура воқеани текширмоқда
17:53 / 01.08.2023
ИИБ ходимлари маъруза қилган боғча масъуллари жазоландими?
23:46 / 31.07.2023
Рақамлар ва ҳодисалар қўрқинчли. Тошкент вилоятида жиноятчилик жилови қўйиб юборилдими?
20:27 / 30.07.2023