Жаҳон | 22:18 / 16.12.2022
3402
3 дақиқада ўқилади

Twitter АҚШ етакчи нашрларининг ўнлаб журналистлари аккаунтларини блоклади 

15 декабр куни Twitter Қўшма Штатларнинг энг нуфузли нашрларида фаолият юритувчи машҳур журналистлар аккаунтларини блоклаб қўйди. 

Фото: Zuma / ТАСС

Жумладан, сўнгги ҳафталарда Twitter хўжайини Илон Маскни танқид қилган CNN мухбири Донни О'Салливан, The New York Times мухбири Раян Мак, The Washington Post мухбири Дрю Ҳарвелл ва бошқалар, шунингдек, мустақил журналист Арон Рупар аккаунти блокланган. 

Twitter журналистлар нима учун платформадан «ҳайдалгани» ҳақида расман маълумот бермади.

The Washington Post тахминига кўра, санкциялар бошқа шахснинг манзилини берухсат тарқатишга қўйилган тақиқ («доксинг») билан боғлиқ. Блокланган журналистларнинг ҳар бири Жек Суини ҳақидаги «воқеа»ни ёритган эди. Ўз навбатида, аввалроқ, Суини миллиардернинг самолёти ҳаракати ҳақидаги маълумотларни эълон қилган, Маск эса уни шахсий маълумотларни берухсат ошкор қилишда айблаган эди. 

Кейинчалик Маск бу тахминларни билвосита тасдиқлади. «Доксинг» қоидаси ҳамма қатори журналистларга ҳам тегишли. Кун бўйи мени танқид қилиш — жуда нормал ҳолат, аммо манзилимни реал вақтда ошкор қилиб бориш ва оиламга хавф туғдириш – нормал эмас», деб ёзди у. 

Шунингдек, Маск тез орада платформада блокланиш сабаби ва муддати кўрсатиладиган функция пайдо бўлишини маълум қилди. 

CNN телеканали Twitter раҳбари қарорини «ўйламасдан қабул қилинган ва асоссиз» деб атади. «Биз Twitter раҳбариятидан бу ҳаракатларни тушунтиришни сўрадик ва жавобга қараб, муносабатларимизни қайта кўриб чиқамиз», дейилади телеканал хабарида. 

Кейинроқ, Маск «доксинг»га йўл қўйган аккаунтларни қачон блокдан чиқариш ҳақида Twitter фойдаланувчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Унда кўпчилик (40 фоиздан ортиқ) фойдаланувчилар ушбу аккаунтларни зудлик билан блокдан чиқариш лозим деган фикрни қўллаб-қувватлади. 

«Агар кимдир The New York Times журналистлари манзилини реал вақт режимида ошкор қилиб борса, ФҚБ суриштирувни бошлаган бўларди, Капитолийда бу ҳақда йиғилиш ўтказиларди, президент Байден эса демократия даври тугаб бораётганини эълон қиларди», деб ёзди Маск. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид