Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи саммити Украинага 18 млрд евро миқдорида ёрдам ажратишни маъқуллади
Европа Иттифоқи Украинага макромолиявий ёрдам кўрсатишини дастлаб Венгрия ва Полша блоклаб қўйганди, аммо охир-оқибат улар ўз эътирозларини қайтариб олди.
Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украинага 2023 йилда 18 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам кўрсатишни маъқуллади. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Европа Иттифоқи етакчиларига видео-алоқа орқали мурожаат қилар экан, Мишелдан «Украина ва бутун Европа учун тинчлик кураши Европа Иттифоқига аъзо бўлган айрим давлатлар ўртасидаги тушунмовчилик ва келишмовчиликларга боғлиқ бўлмаслиги кераклиги»ни сўради. «Украина учун макромолиявий ёрдам пакетлари ҳам эркинликни ҳимоя қилиш қуролидир. Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг тўққизинчи пакети каби. Бу бизнинг ҳимоямиз», - дея таъкидлади Зеленский.
2023 йилда Украинага янги ёрдам пакети ажратилишини Европа комиссияси ноябрь ойи бошида эълон қилган эди. Гап мамлакатнинг шошилинч эҳтиёжларини молиялаштириш ва муҳим инфратузилмани тиклаш учун 10 йиллик имтиёзли кредитлар ҳақида кетяпти. Декабрь ойи бошида бу чора Европа Иттифоқи кенгаши томонидан маъқулланган эди.
Бундан ташқари, саммит иштирокчилари «Украинага инсонпарварлик ва фуқаро муҳофазаси ёрдамини зудлик билан кўрсатишни фаоллаштириш», шунингдек, «Украинанинг қишдан ўтишига ёрдам бериш учун муҳим инфратузилмасини тиклашга ёрдам беришга» келишиб олдилар.
Аввалига Полша ва Венгрия Украинага 18 миллиард евро ажратилишига қарши чиққан ва Европа комиссиясининг қарорига вето қўйганди. 12 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқи элчилари Венгриянинг вето ҳуқуқини бекор қилиши эвазига мамлакатга берилиши керак бўлган ҳамда музлатиб қўйилган маблағлар миқдорини камайтиришга келишиб олдилар.
ЕИ пакетли келишуви Украинага ёрдам кўрсатишдан ташқари, Европа Иттифоқи бюджетидан Венгрияга 6,3 миллиард евро миқдоридаги тўловни музлатиш тўғрисидаги қарорни ва Будапештнинг коронавирус пандемиясидан тикланиш учун ЕИ жамғармасидан маблағ сарфлаш режасини назарда тутади. Худди шу пакет йирик корпорациялар фойдасига энг кам солиқ ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилашни ҳам ўз ичига олади.
Бу бир неча ой давомида корпоратив солиқнинг минимал ставкасига қарши чиққан Полшанинг шикоятларига сабаб бўлган охирги нуқта эди. 15 декабрда Варшава Европа Иттифоқи пакетини блокдан чиқариш орқали ўз эътирозларини бекор қилди.
Мавзуга оид
09:55
Путин: Ёнилғи танқислиги Украинадаги урушга таъсир қилмайди
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
20:55 / 23.06.2026
Украина Қримни материк билан боғловчи кўприклардан бирини вайрон қилди
10:30 / 23.06.2026