Жаҳон | 09:36 / 17.12.2022
16713
2 дақиқада ўқилади

АҚШ генерали: Россия Киевни қўлга киритишга қайта уринмайди

Россия Киевни эгаллашга янги уринишни амалга оширмайди. Бу ҳақда америкалик истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Хожес маълум қилди. 

Фото: Bloomberg

«Россия бу вақт ичида бундай катталикдаги, айниқса сифатли куч тўплай олишига шубҳа қиламан», — деб ёзди Хожес ўзининг Twitter микроблогида. 

Шу билан бирга, у Россиядаги сўнгги қисман сафарбарлик муваффақиятсиз якунланганини эслатди. Шу тариқа, америкалик Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Валерий Залужнийга эътироз билдирди.

Валерий Залужний The Economist нашрига берган интервьюсида: «Руслар 200 мингга яқин янги аскар тайёрламоқда. Улар яна Киевга келишга ҳаракат қилиб кўришига шубҳа қилмайман», деди.

Бен Хожес, шунингдек, Россиянинг янги ҳужум операциялари салоҳиятини ортиқча баҳолаш Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишни истамайдиганлар учун қулай бўлишини қўшимча қилди. 

Бундан олдин Залужний Украина қуролли кучларида ҳозирда учта асосий вазифа борлигини айтганди. Улар: ҳозирги чегараларни сақлаб қолиш, урушнинг кейинги босқичи учун захираларни тўплаш ва армияни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва ракета зарбаларига қарши тизимлар билан таъминлаш, хусусан, Украина фуқаролик инфратузилмаларини ҳимоя қилиш.

Шу билан бирга, Залужнийнинг Украина Россия уруш бошидан бери босиб олган ҳудудларни қайтариб олишига ишончи комил. Бунинг учун, бош қўмондоннинг сўзларига кўра, Украинага қўшимча 300 танк, 600-700 та пиёдаларнинг жанговар машиналари ҳамда 500 та гаубица керак бўлади.

Мавзуга оид