Жаҳон | 22:10 / 17.12.2022
13731
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Қора денгиз туби орқали Украинага энергия етказилишини қўллаб-қувватлади

Денгиз тубига ётқизилган электр энергияси кабели минтақанинг энергетика эҳтиёжини таъминлаши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига ракета зарбалари фонида Европа Иттифоқи Қора денгиз тубига энергия кабелини ётқизиш лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.

Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен бу ҳақда Бухарестда лойиҳа бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш чоғида айтди.

Лойиҳада Руминия, Грузия, Озарбойжон ва Венгрия иштирок этмоқда. Лойиҳа бутун минтақа, жумладан, Украина хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, Украинанинг Россия тажовузи пайтида вайрон бўлган энергетика инфратузилмасини тиклашни жадаллаштириш имконини беради, деб ишонади ЕИ.

«Ушбу келишув Европа Иттифоқини Жанубий Кавказ минтақасидаги ҳамкорларимиз билан янада яқинлаштиради. Қора денгиз электр кабели Молдова, Ғарбий Болқон мамлакатлари ва албатта, Украинага энергия етказиш имконини беради. Шунингдек, Украина энергетика тизимини тиклаш ва бутун мамлакатни реконструкция қилишни бошлашни таъминлайди», деб таъкидлади Урсула фон дер Ляйен.

Европа Комиссияси ушбу лойиҳани баҳолашни бошлаган тадқиқотлар якунланишини кутмоқда ва лойиҳани молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр, чунки у Европа Иттифоқи, иштирокчи давлатлар ва бутун минтақанинг умумий манфаатларига жавоб беради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид