Ўзбекистон | 19:08 / 19.12.2022
28300
10 дақиқада ўқилади

Қодиров ва Абдуқодиров баҳси: Ўзбекистон миллий манфаатларга зид тузилган газ шартномаларини бекор қилиши мумкинми?

“Миллий тикланиш” партияси ташкиллаштирган давра суҳбатида иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва партия раиси Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида газ қазиб олиш, уни импорт ва экспорт қилиш бўйича Россия билан миллий манфаатларга зид қилиб тузилган халқаро шартномаларни бекор қилиш мумкин ё мумкин эмаслиги борасида баҳсга киришди.

Тадбир давомида Абдулла Абдуқодиров дастлаб Ўзбекистонда электр энергияси учун таърифларни ошириш борасида берилаётган таклифларга ўз муносабатини билдирди.

Унга кўра, бугунги кунда соҳа олдида нархларни оширишдан аввал қилинадиган “минг битта” иш бор ва буларни қилмай туриб нарх ошириш ҳеч қандай натижа бермайди.

“Иқтисодчи Отабек Бакиров электр энергияси учун таърифларни (нархларни) ошириш масаласини кўтарибди. Ҳозир Алишер Қодиров ҳам шу масалани кўтаргани учун ўз фикримни билдириб кетсам.

Мен иқтисодчи сифатида бунга бутунлай қаршиман. Чунки соҳанинг ичига кирсангиз, минг битта ҳал қилинмаган масалалар бор. Аввал шуларни ҳал қилиб, кейин таърифлар масаласини кўтариш керак.

Масалан, бизда ҳозир электр энергияси газни ёқиш орқали олинади. Лекин 1990 йилларнинг бошида совет иттифоқи “уч-уч-уч” номли тизим қилгандики, унга кўра, электр энергияси учдан бир ҳолатда мазут ёқиш, учдан бирида газ ва яна учдан бирида кўмир ёқиш орқали олинарди.

Лекин Валерий Атаев исмли вазиримиз ҳаммасини газлаштиришга ўтказган. Мазут ҳам, кўмир ҳам ўша пайтларда бир тийин эди. Қолаверса, ўзимизда чиқарди. Ҳозир бутунлай газга ўтирганмиз. Ҳозирги муаммолар ўшанда бошланган.

Хўп, бугун аҳолига нима учун фундаментал савол бермаймиз. Нима учун одамларга икки хил энергия беришимиз керак, бир хил энергия берсак бўларди-ку. Масалан, электр билан овқат пиширса ҳам бўлади, уй иситса ҳам бўлади. Европанинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Францияда одамларга фақат электр энергияси берилади. Германияда ҳам худди шундай, электр берилади, газ берилмайди. Нима учун биз ҳамма жойга ҳамма энергияни етказиб беришимиз керак. Бу энергитлар учун фундаментал масала.

Иккинчидан, хўп, газ соҳаси асосий соҳа дейилган бўлса, унда қандай муаммолар бор?

Биринчидан, аввалроқ Ўзбекистон харитасига қарашганда асосий инвесторларга харитадаги шу бутун майдонларни бўлиб беришган. Бўлиб берилаётганда уларга инвестор бўлганинг учун асосий пулингни геология-разведкага ташлайсан деган шарт ҳам қўйилган. Кейин шу ердан газни қазиб олишинг ва уни олиб чиқиб кетишинг мумкин, дейилган.

Бу уларга геология-разведкага сарфлаган пулни компенсация қилиш учун айтилган. Лекин “инвесторлар” нима қилди? Бир сўмлик харажатини бизга ўн сўм дея кўрсатди. Масалан, бурғилаш ускунаси бутун инфраструктураси билан 2-2,5 млн доллар туради. Улар бизга худди шу инфраструктурани 6-7 млн доллар дея кўрсатди. Демак, улар Ўзбекистондан 6-7 млн долларлик газни олиб чиқиб кетаверди.

Иккинчидан, соҳада баъзи бир компаниялар газни импорт ва экспорт қилиши мумкин, баъзилари эса йўқ. Қайси бир компания суюлтирилган газни эркин сотиши мумкин, қайси бири йўқ. Яъни бозорда компанияларга берилган шароитлар бир хил эмас.

Агар ўша компанияларга 20 фоиз газингни давлат белгилаган нархда сотасан, қолган 80 фоизи бўйича ихтиёр ўзингда, дейилса, электр энергияси учун 300 сўм нарх ҳам биз учун етиб ортади. Шунчаки, бунинг ичига кириш керак”, – деди таҳлилчи.

У шунингдек, Ўзбекистонда газ қолмади, импортдан бошқа чорамиз йўқ, дея сўнгги вақтларда тез-тез айтилаётган фикрлар юзасидан ҳам ўз муносабатини билдирди.

“Газимиз қолмаганмиш, бўлмаган гап, газ тиқилиб ётибди. Фақат меҳнат қилиш керак.

Мен юқорида русларнинг нима қилганини айтдим. Улар қилинган ишни ўн баробар юқори нархда кўрсатиб ва яна 90 га 10 нисбатда газимизни олиб чиқиб кетяпти. 10 фоиз Ўзбекистонга, 90 фоиз экспортга.

Ҳозир шуни ўзгартирайлик, 20га 80 фоиз нисбатда қилайлик, десак, шунга ҳам қаршилик бор. Ўзимизнинг газимизни ўзимиз сотиб олишимиз ҳақида гап кетяпти, текинга беришга эмас.

Путиннинг шу кунларда айтаётган гапини қаранг. Ўзбекистонга “Уч томонлама иттифоқ” доирасида газ берайлик, деяпти. Бу дегани у ўзимизнинг газни ўзимизга олишга рухсат беради, дегани. Яна кўп эмас, юқорида айтганим, 90 га 10 ни 80 га 20 қилиб беради. Уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон орқали Туркманистонга ўтаётган трубаларга кириб олиш.

Бу нимага олиб келади? Шунга олиб келадики, ўн йил давомида маҳаллий имкониятларни қанча кўпайтирсак ҳам экспорт қилолмаймиз, имкониятларимизни оширолмаймиз, чунки трубаларимиз уларда бўлади, маҳаллий имкониятни улар ушлаб турган бўлади. Шунингдек, биз ишлаб чиқарган билан уни қаерга жойлаймиз?

Шунинг учун айтмоқчиманки, бугунги 300 сўмлик нарх шундоғам етарли. Биргина мисол «Uz-Kor Gas Chemical» номли компания бор, 16.67 доллардан газ сотиб олади. Энди ўйланг, 16.67 қаёқда-ю, 300 сўм қаерда? Икки баробар кам. Ўзи газнинг таннархини олсак, унинг 1000 метр куби 5-10 доллар бўлади.  Бугунги кунда эса биз ўзимизда ишлаб чиқарилган газни ишлаб чиқарувчидан 40-60 доллардан сотиб оляпмиз. Лекин бугунги импорт нархи бундан анча қиммат – 180 долларга яқинни ташкил қилади.

Бюджет харажатларининг ўсгани кимга фойда, кимга зарар?

Хўп, эртага нархни оширдик ҳам дейлик, қанчага оширамиз? 10 фоиз оширасиз, 15 фоиз оширасиз, қани йигирмага ошириб кўринг-чи, нима бўларкин? Оширдик ҳам дейлик, тасаввур қиляпсизми, бу ўртадаги нархни қоплайдими? Шароитни ўзгартириш керак. Нарх бу охирги масала.

Шунингдек, бу соҳада катта монополистлар ҳам ўтирибди. Шартномаларни қайта кўриб чиқиш керак.

Қизиқ, ўзи газ етмаяпти, унда нега қурдинг  “GTL” деган заводни? Бу завод 4,9 млрдга қурилди ва йилига 3,5 млрд газ сарфланади.  Лекин унинг ишлаб чиқарган маҳсулоти нархи 4,5 баробар қиммат.

Бу компания ўзимизнинг газимизни қайта ишлаб, импорт нархидан 5-6 баробар қимматга маҳсулот чиқаряпти. Хўш, кимга керак эди бир неча баробар қимматга тушган, тушаётган бу корхона?

Демак, бу соҳада сиёсатимиз бутунлай нотўғри. Энг ачинарлиси, бу бўйича ҳамма шартномалар халқдан яширилган. Қаранг, вазирликнинг иродасини букиш осон, халқнинг иродасини букиб бўлмайди.

Бизда вазирлик келишувларни халққа эълон қилмагандан кейин ва халқ унга фикр билдирмагандан кейин вазирликдаги исталган одамнинг чакагини битта телефон билан ўчириш, исталган ҳужжатга қўл қўйдириш мумкин.

Шунинг учун ҳам келишувлар, ҳужжатлар халққа эълон қилиниши керак.

Биз 2017-18 йилларда чет элдан “Boston Consulting Group” аудит компаниясини олиб келиб, ҳолатимизни ўрганиб чиққанмиз. Компания соҳадаги барча шартномаларни биттама-битта кўриб чиқиб, таҳлил қилиб, муаммоларимизни айтган.

Аммо биз улар ўша ўрганишлардан кейин нимани таклиф қилган бўлса, теппа-тенг тескарисига ишладик. Бунга қандай чидаш мумкин?

Биз уларни таклиф қилдик, пул бериб ўрганиш ўтказдик, лекин улар берган тавсияларнинг бутунлай тескарисини қилдик. Демак, бизга таъсир қилаётган ташқи кучлар бор. Бу ишлар ташқи кучлар таъсирида бўлди”, – деди Абдулла Абдуқодиров.

Таҳлилчи сўзларида давом этаркан, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров унга Ўзбекистоннинг газ сотиш бўйича имзолаган шартномаси бу халқаро шартнома, бугун уни бекор қилиш учун конфликтга кира оламизми, дея савол билан юзланди.

“Кира оламиз. Германия, Италия каби ривожланган демократик мамлакатлар бугунги кунда “Газпром”нинг иккита ерости газ омборларини миллийлаштирди.

Биз шу масалани қўйиб, уларга компенсация таклиф қилишимиз ва улар бизнинг ихтиёримизда қолади дейишимиз мумкин”, – деди Абдуқодиров унга жавобан.

Аммо депутат компенсация ечим бўлмаслиги, Ўзбекистон ўн марта компенсация қилиб берса ҳам руслар бунга рози бўлмаслигини қўшимча қилди.

“Шунинг учун ҳам биз қуёш панеллари, истеъмолчига газ етказиб беришдаги ўзгаришлар учун соҳага бизнес кириб келиши керак, деяпмиз. Бу масала тагида муаммо сиёсий, жуда катта қоришма бўлиб ётибди. Сиз тўғри айтяпсиз, жуда катта қоришмалар деди”, – у.

Абдулла Абдуқодиров партия раиси сўзларига жавобан “тушуниб турибман, лекин халқимизнинг бу шароитда яшашига ҳам йўл қўёлмаймиз. Бу муаммоларни ҳал қилмасак, бизнес ҳам кириб келмайди”, – дея жавоб берди.

Шунингдек, “нега биз бу соҳада дунёдаги таниқли компаниялар билан эмас, ҳеч ким билмайдиган, қаланғи, қасанғилар билан ишлаб юрипмиз?! Ҳамма гап шунда”, – дея қўшимча қилди иқтисодчи.

Депутат ва иқтисодчи баҳси давом этаркан, унга сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам қўшилди ва Ўзбекистоннинг миллий манфаатларга қарши ўлароқ тузилган шартномаларни бекор қилишга бўлган ҳаракатлари жуда катта рисклар олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

“Бунинг оқибатларини тўлақонли моделлаштириш имконсиз”, деди сиёсатшунос.

Мавзуга оид