Жаҳон | 15:01 / 19.12.2022
3184
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Huawei Россиядаги бўлинмаларидан бирини тарқатиб юборяпти

Фото: Reuters

1 январдан бошлаб Huawei’нинг Россияда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича корпоратив савдо бўлими ёпилади, деб ёзади «Коммерсант». Нашрга кўра, бу қарор санкциялар хавфи билан боғлиқ

Хитойнинг смартфон ва алоқа ускуналари ишлаб чиқарувчи Huawei компанияси Россиядаги бўлинмаларидан бирини ёпмоқда, деб ёзади «Коммерсант». 1 январдан бошлаб ахборот-коммуникация технологиялари, маълумотларни сақлаш тизимлари ва телекоммуникация ускуналарини корпоратив сотиш билан шуғулланган Enterprise Business Group бўлинмаси ўз фаолиятини тўхтатади, деб ёзади газета 19 декабрь, душанба куни номини ошкор этмаган суҳбатдошига таяниб. 

Бўлинмада 2 мингга яқин одам ишлаган, улардан МДҲнинг бошқа мамлакатларига кўчиш ёки ишдан бўшаш сўралган. Компания ҳозирча Россия ваколатхонасини сақлаб қолади ва Украинадаги фаол ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгандан сўнг ишни давом эттиришга тайёр, деди манба нашрга. Қарор иккиламчи санкциялар хавфи билан боғлиқ, дея хабар берилади қўшимча равишда. 

Шу билан бирга, Хитой концерни Россияда маиший электроника сотиш бизнесини, шунингдек, Москва, Санкт-Петербург, Нижний Новгород ва Новосибирскда жойлашган илмий-тадқиқот марказларини сақлаб қолади, дея таъкидлайди «Коммерсант». Бу марказлар, жумладан, 5G алоқа стандарти, нутқни қайта ишлаш ва яратиш технологиялари, компьютерда кўриш, кенгайтирилган ва виртуал реаллик тизимлари ҳамда машиналарни ўрганиш технологияларини ишлаб чиқади. 

«Коммерсант»нинг ёзишича, Huawei етказиб бериши параллел импорт орқали таъминланади. Huawei офисининг ёпилиши ускунани сотиб олишни қийинлаштиради, чунки параллел импорт зарур тезлик ва ассортиментни таъминламайди, деди газетага МТСнинг технологиялар бўйича биринчи вице-президенти Павел Воронин. 

Украинага бостириб кириш хорижий бизнеснинг Россиядан чиқиб кетишига олиб келди: бунга ахлоқий мулоҳазалар ҳам, санкциялар ва гуманитар инқироз оқибатлари ҳам таъсир кўрсатди. Йел менежмент мактаби маълумотларига кўра, 14 декабрга келиб, иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларидаги мингдан ортиқ хорижий компаниялар Россияни тарк этган, мамлакатдаги фаолиятини қисқартирган ёки тўхтатган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид