Жаҳон | 19:21 / 22.12.2022
14007
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг ягона авиаташувчиси «Адмирал Кузнецов» крейсерида ёнғин содир бўлди

Ёнғин тезда ўчирилгани, у катта зарар етказмагани айтилмоқда.

Фото: LEV FEDOSEYEV/TASS

Мурманскдаги «Звездочка» таъмирлаш заводида турган «Адмирал Кузнецов» крейсерида ёнғин чиқди. У Россиядаги ягона самолёт ташувчиси бўлиб, 1991 йил бошида фойдаланишга топширилган.

«Звёздочка» кемасозлик заводининг қуруқ докида жойлашган «Адмирал Кузнецов» бортида ёнғин содир бўлди. Жабрланганлар йўқ, 20 киши эвакуация қилинди», деб хабар берди ТАСС.

Бирлашган кемасозлик корпорацияси раҳбари Алексей Рахманов кейинроқ ёнғин ўчирилганини маълум қилди.

«Ёнғинни назорат қилиш тизими тезкорлик билан ишлади, ҳеч қандай зарар етказилмади», деди у.

«Адмирал Кузнецов»да 2019 йилда ҳам ёнғин содир бўлган, унинг сабаби тўпланиб қолган чиқиндилар экани айтилган эди.

Авиаташувчи кемалар ҳар қандай давлатнинг ҳарбий салоҳиятини белгилаб беради. Ҳозирда бундай кемалар атиги 10 та давлатда бор.

Авиаташувчилар сони бўйича сўзсиз биринчи ўринни Қўшма Штатлар эгаллайди. Бу мамлакатда 11 та кема бор. Италия ва Испания денгиз флоти 2 тадан шундай кемага эга. Россия, Хитой, Бразилия, Франция, Таиланд, Ҳиндистон ва Буюк Британия 1 та авиаташувчига эга.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид