Жаҳон | 07:29
6022
2 дақиқада ўқилади

Атом авиаташувчиларига эга давлатлар: жаҳон харитаси

Жаҳон харитасида денгиздаги ҳарбий қудратга назар ташланса, деярли барча давлатлар анъанавий энергетик қурилмага эга кемалар ва авиаташувчилардан фойдаланади. Аммо фақат жуда чекланган доирадаги мамлакатларгина атом авиаташувчилари технологиясини ўзлаштирган — бу улкан кемалар амалда сузувчи аэродромлар бўлиб, йиллаб ёнилғи қуймасдан денгизда қолишга қодир.

Фото: REUTERS

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ушбу ўта тор ихтисослашган соҳада, шубҳасиз, устунлик қилади. Америка флоти 11 та атом авиаташувчига эга: булар орасида ҳам классик Nimitz туридаги кемалар, ҳам энг янги Gerald R. Ford синфидаги авиаташувчилар бор. Айнан шу авиаташувчилар АҚШнинг денгиз орқали куч проекциясининг асосини ташкил этади: улар дунёнинг исталган нуқтасида қирувчи самолётлардан фойдаланиш, узоқ масофали радиолокацион аниқлаш самолётларини ишлатиш ва ёрдамчи вазифаларни бажариш имконини беради.

USS Ronald Reagan, USS Dwight D. Eisenhower ва USS George Washington каби кемалар ҳам шу гуруҳга киради. Улар авиаташувчи зарба гуруҳлари таркибида мунтазам равишда узоқ муддатли сафарларга чиқиб, глобал қамровга эга сузувчи базалар сифатида хизмат қилади — автономлиги жуда юқори, салоҳияти эса улкан.

Атом энергетик қурилмаси авиаташувчиларга денгизда узоқ вақт қолиш имконини беради: уларнинг автономлиги ёнилғи билан эмас, балки озиқ-овқат захиралари ва экипажнинг чидамлилиги билан чекланади.

Франция Европада атом авиаташувчисини сафда сақлаётган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда — бу «Шарл де Голл». 2001 йилда эксплуатацияга киритилган мазкур кема Европадаги шу турдаги ягона авиаташувчи ҳисобланади ва Францияга Атлантикадан тортиб Ҳинд океанигача бўлган ҳудудларда экспедицион ҳарбий-денгиз иштирокини таъминлаш имконини беради.

Яқинда Франция мудофаа идоралари атом энергетик қурилмали янги авлод авиаташувчини яратиш режаларини тасдиқлади; у 2030-йилларнинг охирига бориб «Шарл де Голл»ни алмаштириши керак. Янги кема йирикроқ ва технологик жиҳатдан мукаммалроқ бўлади — бу эса Франциянинг авиаташувчи орқали куч проекцияси концепциясига содиқлиги ўзгармаслигини кўрсатади.

Бугунги кунда Хитой ҳам ўз тарихидаги илк атом авиаташувчини жадал суръатда қурмоқда, у 2030 йилгача тайёр бўлиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид