Тошкентнинг бош арчасини ўрнатишга камида 1,5 млрд сўм сарфланди
Давлат буюртмаси яна тендерсиз берилган. Тўғридан тўғри танлаб олинган компания бегона эмас – охирги пайтларда шаҳардаги кўплаб байрам ва фестивалларни ташкиллаштириш ҳеч қандай танловсиз “Media Globe” МЧЖга топшириляпти.
Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси Юнусобод тумани, Истиқлол кўчасидаги майдонга янги йил бош арчасини ўрнатиш тадбирлари учун “Media Globe” МЧЖ билан 1 535 358 188 сўмлик шартнома тузди.
Шартнома тендер ўтказилмасдан, тўғридан тўғри тузилган.
Kun.uz аввалроқ пойтахт ҳокимлиги ўтказган 6 та фестивал 18,2 млрд сўмга тушгани, уларда ҳам шартномалар тендерсиз тузилганига эътибор қаратганди. Бир неча ой олдин тугаб бўлган тадбирларни ўтказиш учун формал равишда тендер ўтказилган ҳолатлар ҳам бор. “Media Globe” МЧЖ ўша фестиваллар ортидан ҳам қатор давлат буюртмаларини қўлга киритган:
- “Tashkent Opera Fest” учун — 6 майда 900 млн сўм, 9 июнда 931 млн сўм ва 868 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар;
- “Tashkent Flower Fest” учун — 31 май куни 700 млн сўм, 3 июн куни 840 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар.
Бу иккита фестивал доирасида Media Globe билан умумий 4,2 млрд сўмлик шартнома тузилган.
Бундан ташқари, жорий йил 30 июнда Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида тематик павильонлар декорацияси учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Media Globe” МЧЖ билан тендерсиз 3,5 млрд сўмлик шартномалар (№21, №22, №24, №31) тузган.
Янги йил бош арчасини ўрнатиш ва тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ ҳоким қарорини эса e-qaror тизимидаги очиқ турган қарорлардан топишнинг имкони бўлмади. Қарор “ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли” деб яшириб қўйилган бўлиши мумкин. Бу каби ҳолат пойтахт ҳокимлиги қарорларида тез-тез учраб туради.
Маълумот учун, 2022 йил давомида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қатор тадбирларини ташкиллаштириш учун камида 9 млрд сўмлик буюртмани тендерсиз олган “Media Globe” МЧЖга 100 фоиз улуш билан Зуфаров Жаҳонгир Хайруллаевич эгалик қилади. Компания директори ҳам унинг ўзидир. Корхона 2021 йил январ ойида ташкил этилган.
Мавзуга оид
21:58 / 04.11.2024
Сариқ ва қизил рангларда товланаётган Тошкент — фотожамланма
17:42 / 04.11.2024
Хавфсизлик чегарасидан 80 баробар юқори: Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бири
08:10 / 04.11.2024
Тошкентда “Яшил шаҳар” куни ўтказилади
19:25 / 31.10.2024