2025 йил ноябрида Тошкент шаҳридаги иккита онкологик шифохона бўшатилган ва у ерда ишлайдиган ходимлар ҳамда беморлар бундан норози бўлишган эди. Улар бу навбатдаги бизнес режа бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришганди.

Kun.uz ўша бўшатилган шифохоналарда бўлиб, вазиятни ўрганди. Саволларимизга пойтахт ҳокимлигидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Собиқ Республика онкология маркази

Маълум бўлишича, собиқ Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудуди ўраб олинган. Ичкаридаги дарахтларнинг бир қисми қурий бошлаган.

Жорий йил 16 феврал куни имзоланган президент қарорига асосан, Шайхонтоҳур тумани Форобий кўчасида, 9,4 гектар майдонда жойлашган ушбу яшил ҳудуд ва бино-иншоотлар негизида Креатив индустрия парки давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилиши белгиланган.

Лойиҳа 2026-2027 йилларда амалга оширилиши, якунда Креатив парк ҳудуди 24/7 режимда фаолият юритадиган очиқ жамоат маконига айланиши керак.

Креатив парк – сайр қилиш учун мўлжалланган ва арт-объектлардан иборат яшил боғ, рақамли дизайн ва дастурлаш йўналишида халқаро мактаб; бук-кафе; спорт ва воркаут майдончалари; меҳмонхона; коворкинг маркази; бадиий ижодкорлар павильони; креатив устахоналар; кино ва видеомаҳсулотларни ишлаб чиқариш зоналаридан иборат бўлиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар онкология шифохонаси

Собиқ Республика онкология марказининг Тошкент шаҳар филиали ҳам қаровсиз ётганига гувоҳ бўлдик. Бу ернинг атрофи ўраб олинмаган, шунингдек, қуриётган дарахтларни учратмадик.