Жаҳон | 15:36 / 26.12.2022
15572
3 дақиқада ўқилади

Сеул КХДР дронларининг келишига жавобан қирувчиларини ҳавога кўтарди

Жанубий Корея Шимолий Корея учувчисиз учоқларининг ҳарбий чегара чизиғини кесиб ўтишига жавобан қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди, деб хабар бермоқда Yonhap ахборот агентлиги.

Фото: airandspaceforces

Шимолий Кореянинг учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) маҳаллий вақт билан тахминан 10:25 да (Тошкент вақти билан 06:25) Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинцияси чегарадош ҳудудларида Корея Республикаси (КР) чегарасини кесиб ўтган. Бу ҳақда 26 декабрь, душанба куни Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб, Yonhap агентлиги хабар берди.

Дронлар икки Кореяни ажратиб турувчи ҳарбий чегара чизиғини кесиб ўтди ва Пажу, Гимпо ҳамда Гангхва оролларида пайқалди, бу эса Сеул аэропортларида фуқаролик парвозларини вақтинча тўхтатиб қўйишига сабаб бўлди. Жанубий Корея огоҳлантириш эълон қилди, огоҳлантирувчи ўқ узди, қирувчи самолётлар, жанговар вертолётлар, ҳарбий самолётларни ҳавога кўтарди. Жанубий кореялик манбанинг таъкидлашича, дронларнинг қурол билан жиҳозлангани ҳали аниқлаштирилмаган.

Жанубий Корея ҳарбийлари Корея Республикаси Ҳаво кучлари учун Korea Aerospace Industries томонидан ишлаб чиқилган КА-1 енгил ҳужумчи самолётини ҳам ишлатди. Бироқ у Сеулдан 140 километр шарқда, Гангвон провинциясининг Хвенсон округида қулаган. Иккала учувчи ҳам катапульта воситасида ирғиб чиқиб парашют билан ўзини қутқариб қолган.

Сеулда учувчисиз учоқлар тобора кўпроқ ташвиш уйғотиб бормоқда, чунки улар разведка миссиялари ва эҳтимолий ҳужумлар учун ишлатилиши мумкин.

Бунгача Шимолий Кореянинг дронлари 2014 ва 2017 йилларда Жанубий Корея билан чегаранинг жанубида аниқланган эди.

18 декабрь куни Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини синовдан ўтказишнинг сўнгги босқичи якунланганини эълон қилди. Тасвир ва ахборот маълумотларини узатиш имкониятлари синовдан ўтказилди, деб хабар қилди КМТА давлат ахборот агентлиги. Тахминан 500 км баландликка кўтарилган синов сунъий йўлдоши билан ракета учирилиши ҳақида ҳам маълум қилинди.

17 декабрь куни Жанубий Корея ҳарбийлари Корея яриморолининг шарқий қирғоқларидан, КХДР ҳудудидан Япон денгизи томон иккита баллистик ракета учирилгани ҳақида хабар берди. Ушбу турдаги ракеталар ядро каллакларини олиб юриши ва Япониядаги нишонларни уриш учун етарли масофани босиб ўтиши мумкин.

Ўз навбатида, Япония мудофаа вазири ўринбосари Тоширо Ино Шимолий Корея томонидан учирилган баллистик ракеталар Япониянинг махсус иқтисодий зонаси (МИЗ) ташқарисига тушганини маълум қилди. Инонинг сўзларига кўра, улар тахминан 550 км баландликда учган ва камида 250 км масофани босиб ўтган.

Шимолий Корея 2022 йилда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ракета учирди, дея қайд этди Reuters: Пхенян йил бошидан бери 50 дан ортиқ ракета синовларини ўтказди.

Мавзуга оид