Жаҳон | 09:47 / 26.12.2022
12217
3 дақиқада ўқилади

Хитой ҳарбий самолётлари Тайван ҳаво ҳудудига кирди

Тайбэй маълумотларига кўра, самолётлар Тайван бўғозидаги ўрта чизиқни кесиб ўтган. Пекин 25 декабрь куни тан олинмаган давлат яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Фото: Getty Images

Охирги 24 соат ичида Тайван атрофида Хитой ҳарбий-ҳаво кучларининг 71 та самолёти аниқланди. Бу ҳақда 26 декабрь, душанба куни тан олинмаган давлат Мудофаа вазирлиги маълум қилди. Унга кўра, 47 та самолёт Тайван бўғозидаги ўрта чизиқни кесиб ўтиб, Тайван ҳаво мудофаасини аниқлаш зонасига (Adiz) етиб келган. Идора, шунингдек, орол яқинида Хитой ҳарбий-денгиз кучларининг еттита кемаси қайд этилгани ҳақида хабар берди.

Бир кун олдин Пекин Тайван яқинидаги денгиз ва ҳаво ҳудудида ҳарбий машғулотлар ўтказди, улар давомида зарбалар тайёрлаш бўйича машқлар олиб борилди. Тайван Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, орол ҳудудида ХХРнинг саккизта самолёти ва учта кемаси пайқалган. Сўнгги пайтларда тан олинмаган давлат расмийлари бундай фаоллик ҳақида ҳафтада бир неча марта хабар қилмоқда.

Пекин бу манёврларни «АҚШ ва Тайван расмийларининг кучайиб бораётган тил бириктириши ва провокациясига ҳал қилувчи жавоб», деб тушунтирди. Тайбэй, ўз навбатида, Хитой «минтақадаги тинчликни йўқ қилиш ниятида ва Тайван халқини қўрқитишга ҳаракат қилмоқда», деб баёнот берди.

Хитой Тайванни ХХР таркибига кирувчи исёнкор провинция деб билади. Тайван мустақиллигини жаҳон ҳамжамиятининг аксарият аъзолари ҳам, шу жумладан АҚШ ва Россияни тан олмайди.

Шу билан бирга, 23 миллион тайванлик узоқ вақтдан бери ўзини мустақил деб ҳисоблаб келади. Хитой ва Тайван ўртасидаги кескинлик сўнгги пайтларда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси, америкалик конгрессменлар ва бошқа давлатлар, жумладан Германия вакилларининг ушбу оролга ташрифидан сўнг кучайди. Хитой Тайбэй раҳбариятига босимни кучайтириш учун Тайван ҳудудида ҳарбий фаолиятни кенгайтириш орқали жавоб берди.

Октябрь ойида Хитой раҳбари Си Жинпинг Тайванга ҳарбий куч билан таҳдид қилган эди. «Хитой раҳбарияти барча зарур чораларни кўриш имкониятини ўзида сақлаб қолади», деди у Хитой Коммунистик партияси қурултойида. Шу билан бирга, Си Жинпинг ҳарбий куч ишлатиш таҳдиди «Тайван аҳолиси»га қарши эмас, балки чет эл аралашуви ва мустақиллик тарафдорларининг «озгина сонига» қарши қаратилганини таъкидлади.

Бунга жавобан Тайбэй орол суверенитетдан воз кечмаслигини, эркинлик ва демократия масалаларида муросага келмаслигини маълум қилди. Тайван халқи Пекиннинг «бир мамлакат, икки тизим» ғоясини бир маънода рад этади, деди маҳаллий ҳукумат раҳбари Цай Инвэн.

Мавзуга оид