Жаҳон | 21:58 / 27.12.2022
15266
2 дақиқада ўқилади

Путин нарх чегарасини белгилаган мамлакатларга нефт етказиб беришни тақиқлади 

Тегишли фармон Россия президенти томонидан имзоланди. 

Фото: ТАСС

Россия президенти Европа давлатлари томонидан Россия нефти нархига юқори чегара белгиланиши муносабати билан махсус иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади. 

Ҳужжатга кўра, агар шартнома нархнинг юқори чегарасига бўйсунадиган бўлса, нефт етказиб бериш тақиқланади. 

Фармон 2023 йил 1 февралдан 1 июлгача амал қилади. Келажакда президент муддатни узайтириши мумкин. 

Октябр ойи бошида Европа Иттифоқи саккизинчи санкциялар пакетини маъқуллади, бу эса нефт нархига нисбатан юқори чегарани жорий этишни назарда тутади. 5 декабр куни G7 мамлакатлари (АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Канада, Италия ва Япония), шунингдек, Австралия ва Европа Иттифоқи Россия нефт нархига чекловни жорий қилди. Унга кўра, агар нефт нархи 1 баррел учун 60 доллардан ошса, Россия компанияларига хизмат кўрсатиш тақиқланади. Санкциялар молиявий, логистика, суғурта ва бошқа турдаги хизматларга нисбатан қўлланилади. 

Нефт нархига юқори чегарани ўрнатиш Россия бюджети даромадларини пасайтириш, натижада ҳарбий салоҳиятига путур етказишни мақсад қилган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид