Жаҳон | 11:32 / 30.12.2022
10894
2 дақиқада ўқилади

Байден Киевга 45 млрд долларлик ёрдам тўғрисидаги бюджет қонунини имзолади

Жо Байден томонидан имзоланган АҚШ бюджети тўғрисидаги қонунга кўра, 2023 йил сентябригача Украинага турли соҳаларда ёрдам бериш учун жами 45 миллиард доллар ажратилади.

Жо Байден / Фото: AFP

АҚШ президенти Жо Байден 29 декабрь, пайшанба куни Украинага 45 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратишни назарда тутувчи давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу миқдор Байден дастлаб Конгрессдан сўраганидан кўп, дея таъкидлайди dpa агентлиги. АҚШнинг умумий бюджети 2023 йил сентябргача бўлган давр учун ҳисобланган 1,7 триллион долларни ташкил этади. Шу билан бирга, ушбу маблағнинг ярми (тахминан 858 миллиард доллар) мудофаа соҳасини молиялаштириш учун мўлжалланган.

АҚШ бюджетида Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 45 миллиард долларнинг 9 миллиард доллари ҳарбий ёрдамга йўналтирилиши керак. Яна 16 миллиарди руслар ҳужумига учраган мамлакатга иқтисодий ва гуманитар ёрдамни молиялаштиради.

12 миллиард доллар АҚШ армияси захираларини Украинага бир қисмдаги ўқ-дорилар билан берилганидан сўнг улар ўрнини тўлдириш харажатларини қоплаши керак. Вашингтон Европадаги АҚШ қўшинларига қўшимча харажатлар учун яна 7 миллиард доллар ажратади.

21 декабрь куни Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси олдида чиқиш қилиб, америкалик қонун чиқарувчиларни ўз мамлакатига қўшимча ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлашга чақирди. «Сизнинг пулингиз хайрия эмас, балки глобал хавфсизликка сармоядир, биз буни энг масъулиятли тарзда ҳал қиламиз», - дея ишонтирганди ўша пайтда Украина раҳбари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид