Қозоғистондаги «қонли январ» воқеалари

Жорий йил январ ойининг илк кунлари қўшни Қозоғистондаги инқилобий намойишлар билан ёдда қолди. Ёнилғи нархлари оширилишига қарши бошланган тартибсизликлар мамлакатда кучли резонанс уйғотди. Намойишчилар ҳукумат олдига мамлакатдаги коррупция, қариндош-уруғчилик, бюрократия ва ҳокимиятни норасмий тарзда бошқараётган Элбоши режимини тўлиқ тугатиш талабларини қўйди.

Қозоғистонни январ ойи бошида ёнилғи учун нархлар ошиши ортидан бошланган норозилик намойишлари қамраб олганди. Фото: Reuters

Оммавий тартибсизликлар фонида ҳукумат истеъфога чиқди. Дастлаб, тинч кўринишда бошланган намойишлар кейинги кунларда қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Бунинг оқибатида эса юзлаб кишилар ҳалок бўлди, минглаб кишилар турли даражадаги тан жароҳати билан касалхоналарга ётқизилди. Саросимага тушган президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучларини чақирди.

Январ воқеалари Қозоғистондаги сиёсий мувозанатни буткул ўзгартириб юборди. Кўпчилик буни Қозоғистон сиёсий элитасидаги кураш деб ҳам атади. Тўқаев ушбу намойишлар фонида мутлақ бошқарувни қўлга олди. У элитадаги Назарбоев тарафдорларини сиқиб чиқарди, биринчи навбатда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти ҳибсга олинди. Назарбоевнинг қариндошларига қарши кампания бошланди.

Элбошининг Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва Халқ ассамблеясига умрбод раислик қилиши ҳақидаги нормалар бекор қилинди. У «Нур Отан» партияси етакчилигидан ҳам кетди. Назарбоев билан ташқи ва ички сиёсат асосий йўналишлари бўйича янги ташаббусларни мувофиқлаштириш зарурати бекор қилинди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши

2021 йил охирида АҚШ ва Буюк Британия разведка идоралари томонидан Россия Украина ҳудудига бостириб киришга тайёрланаётгани ҳақидаги бир қанча огоҳлантирувчи маълумотлар сиздирилган бўлса-да, Ғарбнинг кўплаб давлатлари етакчилари расмий Москванинг бунга журъат қила олишига ишонишмади. Аммо 2022 йилнинг 24 феврал куни тонгида рус армияси қардош мамлакатнинг ҳарбий инфратузилмаларини демилитаризация ва у ердаги «нацизм»ни йўқ қилишга (денацификация) қаратилган, «махсус ҳарбий операция» сифатида ниқобланган босқинчилик ҳаракатларини бошлади.

Бучада яксон этилган россияликлар колоннаси. Фото: BBC/LEE DURANT