08:40 / 31.12.2022
6055

Шимолий Корея учта қисқа масофали баллистик ракета учирди

Жанубий Корея Шимолий Кореянинг баллистик ракеталар учирганини «Корея яриморолида, шунингдек, халқаро ҳамжамиятда тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи жиддий провокация» сифатида қоралади.

Фото: abc

Шимолий Корея 31 декабрь, шанба куни эрталаб Япон денгизига учта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» ахборот агентлиги Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси баёнотига таяниб хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, парвозлар КХДРнинг мамлакат пойтахти Пхенян жанубида жойлашган Хванхе-Букто провинциясидан амалга оширилган. Жанубий Корея ва Япония Мудофаа вазирликларининг маълум қилишича, ракеталар денгизга тушишидан олдин тахминан 350 км масофани босиб ўтган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ўз резолюцияси билан Пхенянга ҳар қандай масофадаги баллистик ракеталарни учиришни тақиқлади. Бундай ракеталар турига қараб ядровий зарядларни олиб юришга қодир.

Айни пайтда, сўнгги пайтларда КХДР ушбу резолюцияни бузган ҳолда бир неча бор баллистик ракеталарни учирди. "Ёнҳап" агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда бундай парвозлар сони 70 тани, жумладан, саккизта қитъалараро баллистик ракетани ташкил қилган.

31 декабрь кунги парвоз Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги қаттиқ ёнилғида ишловчи ракета ташувчини муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилганидан бир кун ўтиб амалга оширилди.

Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси 31 декабрдаги ракета учирилишини «Корея яриморолида, шунингдек, халқаро ҳамжамиятда тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи жиддий провокация» деб атади.

Айни пайтда, АҚШнинг таъкидлашича, парвозлар АҚШ фуқаролари, АҚШ ҳудуди ёки иттифоқчиларига бевосита таҳдид солмаган.

Top