Иқтисодиёт | 11:05 / 02.01.2023
33293
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ жаҳон иқтисодиёти учун оғир йилни тахмин қилмоқда

Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва Хитойда иқтисодий ўсиш секинлашади ва ХВЖ прогнозларига кўра, Европа Иттифоқи давлатларининг ярми рецессияга юз тутади.

Фото: Getty Images

Халқаро валюта жамғармаси тахминига кўра, келаётган 2023 йил жаҳон иқтисодиётининг аксарият қисми учун аввалги йилга қараганда қийинроқ бўлади. Бу дунёнинг учта асосий иқтисодиёти - АҚШ, Европа ва Хитойнинг ўсиш суръатлари секинлашиши ва фаолликнинг заифлашиши билан боғлиқ. Бу фикрни 1 январь, якшанба куни Американинг CBS телеканалига берган интервьюсида Халқаро валюта жамғармаси бош ижрочи директори Кристалина Георгиева ХВЖнинг сўнгги ҳисоботларидан бирини шарҳлар экан, билдириб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ иқтисоди анча чидамли, у рецессиядан қочиб қутула олади ва ҳозир ҳам мамлакатдаги меҳнат бозори анча ишончлилигича қолмоқда. Георгиеванинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Украинадаги урушдан қаттиқ зарар кўрган. «Кейинги йил Европа Иттифоқининг ярми рецессияга юз тутади. Хитой янада секинлашиш давом этади, келаси йил Хитой учун қийин бўлади», деди у.

ХВЖ раҳбари шунингдек, глобал харажатларнинг ошишини башорат қилмоқда. «Пандемиядан сўнг таъминот занжирлари қайта тикланмоқда ва ишлаб чиқарувчилар энг арзон ишчи кучи ва хомашёни эмас, балки ишлаб чиқариш таннархи ва бизнес барқарорлиги ўртасида мувозанатни сақлашлари мумкин. Бу харажатлар даражасини ошириши мумкин», деди Георгиева.

Мавзуга оид