08:40 / 04.01.2023
7009

Ангренда Қамчиқ довони ёпилгани туфайли эвакуация штаби ташкил этилди

Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, 4 январь куни соат 00:00 дан А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобиль йўлининг 228-253-километрлари оралиғида қор кўчкиси хавфи эълон қилинди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Шу сабабли, 4 январь куни соат 00:00 дан А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, Ангрен шаҳар Оҳангарон кўчасида жойлашган «Ангрен-Ланд» ошхонасида дахлдор корхона ва ташкилотларнинг масъул ва мутасаддилари жалб қилиниб, фуқароларни қабул қилиш – эвакуация штаби ташкил этилди.

Фуқаролар «Ангрен-Ланд», «Замин-2», «Учқудуқ» ошхоналарига, «Ангрен кон металлургия» техникуми, «Файз», «Шодиёр», «Элба» меҳмонхоналарига вақтинча қабул қилиш учун жойлаштирилди.

Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш давомида жами 250 нафар фуқаролар 80 та юк ва 150 та енгил автомобилларда мазкур масканларга жойлаштирилган.

«Тошкент-Водий» темирйўл станцияси орқали, «Оҳангарон» станциясидан 19 нафар, «Ангрен» станциясидан 35 нафар ҳамда «Орзу» станциясидан 280 нафар жами 334 нафар фуқаро эвакуация қилинди.

Қамчиқ довони вақтинча ёпилиб қолган вақтда Қамчиқ автойўл ва Қамчиқ ФВБдан жами 113 та махсус техника ҳамда 250 нафар шахсий таркиб хизматга жалб этилгани айтилади.

Top