Жаҳон | 13:11 / 05.01.2023
10645
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва тез ривожланаётган бошқа давлатлар суюлтирилган газ харидини камайтирди

Хитой ва иқтисодиёти тез ривожланаётган бошқа мамлакат камроқ СТГ сотиб олишни бошлади. Бу Европада СТГга талаб ортиб бораётгани билан боғлиқ. 

Фото: Reuters

Хитой ва иқтисодиёти тез ривожланаётган бошқа давлатлар томонидан суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорти Европада талаб ортиб бораётган бир шароитда сезиларли даражада камайди. Icis Бозор тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, СТГ импортининг катта улуши Европа мамлакатларига ўтди, чунки Европа давлатлари Россиядан табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши фонида ушбу турдаги ёнилғи сотиб олишни кўпайтира бошлади, деб хабар беради Handelsblatt газетаси 4 январь, чоршанба куни. 

Icis маълумотларига кўра, Хитой 2022 йилда СТГ импортини 21 фоизга - 16 миллион тоннагача, Бразилия 72 фоизга ва Ҳиндистон 17 фоизга қисқартирган. Хитойда коронавирусга қарши қаттиқ чекловлар ҳам суюлтирилган газ импортининг камайишига туртки берди. Европа давлатларида ушбу ёнилғига талабнинг кескин ортиши натижасида СТГ нархи ошиши яна бир омилга айланди.

Icis маълумотларига кўра, Франция СТГ импортини 99 фоизга - деярли 13 миллион тоннагача, Бельгия - 167 фоизга, Нидерландия эса 99 фоизга оширди. Германия декабргача СТГ юкларини қабул қилиш учун битта ҳам денгиз терминали бўлмагани сабабли қўшни мамлакатларга импортнинг кўпайишидан фойда кўрди. 

Шу билан бирга, Icis экспертларининг прогнозига кўра, Хитой коронавирусга қарши чоралар кучсизлангани сабабли бу йил СТГ импортини яна оширади ва бу суюлтирилган газ глобал бозоридаги вазиятни янада кескинлаштиради. 

Мавзуга оид