12:55 / 09.01.2023
4535

Германия «рейхсбюргерлар» гуруҳи фош этилганидан сўнг қурол тўғрисидаги қонунни кучайтирмоқчи

Келажакда ўқли тўппонча ва арбалетлар фақат қурол олиб юриш лицензияси билан сотилади, деб ёзади Süddeutsche Zeitung Германия ИИВ қонун лойиҳасига таяниб.

Фото: Getty Images

Янги йил арафасидаги тартибсизликлар ва «рейхсбюргерлар» гуруҳининг Германияда ҳокимиятни эгаллаб олиш режаси полиция томонидан фош қилинганидан сўнг, Федерал ички ишлар вазири Нэнси Фезер мамлакатда қуролга оид қонунларни кучайтирмоқчи. Süddeutsche Zeitung газетасининг 8 январь, якшанба кунги хабарига кўра, Ички ишлар вазирлигининг қонун лойиҳаси, хусусан, жисмоний шахслар учун ўта хавфли ярим автоматик қуролларга эга бўлишни тақиқлашни назарда тутади. 

Келажакда Германиянинг мавжудлигини тан олмайдиган ўнг қанот ҳаракати аъзолари орасида машҳур бўлган ўқли тўппонча ва арбалетлар фақат қурол олиб юриш лицензияси билан сотувга чиқарилади, деб ёзади газета 48 саҳифалик ҳужжатга таяниб. 

Фезер янги йил арафасидаги тартибсизликлар олдидан ҳам қуролга оид қонунларни кучайтиришга чақирганди. 1 январга ўтар кечаси Германиянинг қатор шаҳарларида полиция ва ўт ўчирувчиларга, жумладан, петарда ва ракеталардан фойдаланган ҳолда ҳужум уюштирилди. Улар Берлиннинг баъзи ҳудудларида айниқса шафқатсиз тус олди. 

Бироқ, 7 декабрь куни 25 нафар «рейхсбюргер» ҳибсга олинганидан сўнг, қурол қонуни бўйича баҳсларга янги туртки берилди. Ҳибсга олинганларнинг аксарияти Федерал прокуратура томонидан сиёсий тузумни ағдармоқчи бўлган террор ташкилотига алоқадорликда айбланмоқда. 

Top