Ўзбекистон | 12:56 / 09.01.2023
7060
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Саудия Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти билан учрашди

Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Мулоқот чоғида Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда 2023 йилги ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиага нуфузли анжуманга таклиф этгани ва қабул учун миннатдорлик билдирар экан, мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш билан изоҳланишини маълум қилди.

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Саудия Арабистони фуқаролари учун Ўзбекистонга сафар қилишда визасиз тизим жорий этилгани катта енгиллик эканини таъкидлаши баробарида ушбу имкониятларни Саудия Арабистонида кенг тарғиб этиш яхши натижа беришини билдирди.  

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Музокараларда Мадина шаҳридаги пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид инновацион музей каби Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида ҳам мазкур буюк муҳаддис ҳаёти ва ижодига бағишланган музей барпо этиш ишлари жадал давом эттирилаётгани маълум қилинди.

Саудия томони ушбу музейнинг очилиш маросимига бориш ниятида эканини билдирди.

Мавзуга оид