Жаҳон | 21:00 / 12.01.2023
4323
2 дақиқада ўқилади

БМТ қароргоҳида «Тинчлик саммити» ўтказилади 

Тадбир Украина ташаббуси билан ташкил этилмоқда, Россия унда иштирок этмайди. 

Фото: Getty Images

24 феврал куни, Украинадаги уруш бошланган санада Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳида «Тинчлик саммити» ўтказилади. Бу ҳақда Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Боднар «Anadolu» ахборот агентлигига маълум қилди. Россия бу тадбирда иштирок этмайди. 

Василий Боднар сўзларига кўра, Россия билан зиддиятни тинч йўл орқали ҳал қилиш фақатгина рус қўшинлари Украина ҳудудидан олиб чиқилиши натижасида амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақдаги режани президент Владимир Зеленский ҳам тақдим қилган.

2022 йил 27 декабр куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг БМТ майдонида Россия иштирокисиз «тинчлик саммити» ташкил этиш нияти борлигини маълум қилди. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова «тинчлик саммити» ташаббусини ақлдан озган ғоя деб атади ва буни Киев «ҳолдан тойиб бораётгани» билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, Украина очиқ-ойдин бўлиб турган вазиятни тан олмаслик орқали ўзини қутқаришга ҳаракат қилмоқда. 

Ноябр ойида бўлиб ўтган G7 форумида Владимир Зеленский ўнта шартга асосланган «тинчлик формуласи»ни таклиф қилган эди. Шартлар орасида радиациявий ва ядровий хавфсизлик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, барча маҳбусларни озод қилиш, Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва Украинанинг 1991 йилги чегараларидаги суверенитетини тан олиш бор. Россия бу шартларни номақбул деб атади ва уларни кўриб чиқишдан бош тортди. 

Шу билан бирга, Кремл Киев қўшиб олинган ҳудудларни Россияники деб тан олмасдан туриб, тинчлик режасини амалга ошириш мумкин эмаслигини таъкидлади.  

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид