Жаҳон | 23:45 / 12.01.2023
36002
2 дақиқада ўқилади

Россияда -75°С совуқ тушгани ҳақида хабар берилди 

Красноярск ўлкасидаги Ессей қишлоғида маҳаллий аҳоли ҳаво ҳарорати -75°С га тушганини айтди. Метеорологлар буни тасдиқлай олмаслигини маълум қилишди.

Фото: tvknews.ru

Россиянинг Красноярск ўлкасидаги Ессей қишлоғида ҳаво ҳарорати -73-75 °С гача тушди. Россияда метеорологик ўлчовлар бошланганидан бери (1926 йилдан бошлаб) рекорд даражадаги паст ҳарорат -71°С бўлиб, Ёқутистоннинг Оймякон қишлоғида қайд этилган эди. 

Ессейда ҳаво ҳарорати -75°С гача тушгани ҳақида маҳаллий аҳоли маълум қилди. Марказий Сибир гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги департаменти (МСГД) аҳоли хабарини тасдиқлай олмади, чунки Ессейда об-ҳаво станцияси йўқ. 

Маҳаллий фуқаро Андрей Мирошконинг айтишича, 10 январдан 11 январга ўтар кечаси қишлоққа -73-75 даража совуқ тушган. «Хўш, бугун ҳаво -64°С, лекин кеча Набережная кўчасидаги фотосурат -72°С ва ҳатто ундан учта бўлинма пастроқ бўлганини кўрсатган эди. Бу эса амалда -75°С», деди у. 

Мирошко сўзларига кўра, ғайритабиий совуқда бош оғрийди, нафас олиш қийинлашади, аммо ўтин, сув бор, қишлоқда электр таъминотида узилишлар бўлмаган, дўконлар ҳам ишламоқда. 

МСГД маълумотларига кўра, Ессейга энг яқин аҳоли пунктларида об-ҳаво станциялари -53-54°С совуқни кўрсатмоқда. 

«Ессейда об-ҳаво станцияси йўқ, шунинг учун буни расман тасдиқлай олмайман. У ерда маҳаллий термометрлар -75°С даражани кўрсатиши мумкин, аммо уларнинг ишончлилигига шубҳа қиламан... Биз буни тасдиқлай ёки инкор эта олмаймиз», деди МСГД ходими Дмитрий Улянов. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид