Жаҳон | 10:44 / 12.01.2023
2749
2 дақиқада ўқилади

Швециянинг урушга қарши ташкилоти Россияда номақбул деб эълон қилинди

«Швециядаги Россия урушга қарши қўмитаси» нодавлат ташкилоти Россия ҳудудидаги номақбул ташкилотлар рўйхатига киритилган, деб хабар берилди Адлия вазирлиги сайтида.

Фото: РБК

Россия Адлия вазирлиги Швециянинг Ryska Antikrigskommitteten i Sverige («Швециядаги Россия урушга қарши қўмитаси») нодавлат ташкилотини номақбул ташкилотлар рўйхатига киритди. Тегишли ёзув 11 январь, чоршанба куни вазирлик сайтида пайдо бўлди.

Нодавлат нотижорат ташкилоти Бош прокуратура қарори асосида реестрга киритилди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Бош прокуратура 2022 йил декабрида «Швециядаги Россия урушга қарши қўмитаси» фаолиятини номақбул деб топди. Вазирлик хабарида айтилишича, ташкилот фаолияти Россия «конституциявий тузуми ва хавфсизлиги асосларига таҳдид солади». Ташкилот бу қарорни ноқонуний деб атади. «Бу чоралар фақат фаолларимиз ва тарафдорларимизни қўрқитиш учун қўлланмоқда. Биз Россия ҳудудида ҳеч қандай фаолият олиб бормаймиз, биз Швеция ёки бошқа ҳокимият органларига қарам эмасмиз ва Швеция қонунчилигига тўлиқ амал қиламиз», - дейилади ташкилотнинг 22 декабрь кунги хабарида. 

«Швециядаги Россия урушга қарши қўмитаси» 2022 йил май ойида ташкил этилган. Ташкилот ўз мақсади сифатида Украинадаги Россия урушига қарши норозилик намойишлари ўтказиш, Швеция парламенти учун Россиядаги сиёсий мухолифат ҳақида ҳисобот тайёрлаш, шунингдек, русларнинг Швецияга киришига ёрдам бериш каби масалаларни эълон қилди.

Ҳозирги вақтда 72 та халқаро ва хорижий ташкилотлар Россия Адлия вазирлиги томонидан номақбул деб тан олинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид